ЎзА Ўзбек

29.08.2018 16:01 Чоп этиш версияси

Рағбат изланишга ундайди

Рағбат изланишга ундайди

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги кенг нишонланаётган айни кунларда турли соҳаларда фаоллик кўрсатаётган юртдошларимиз сингари ижод аҳли ҳам муносиб рағбатлантирилмоқда.

Ана шундай эътибор ва эътирофга йўғрилган лойиҳалардан бири “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловидир. Танловда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА фотомухбири Оқил Ғуломовнинг ижодий ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

О.Ғуломовнинг “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунига мувофиқ яратилган ижодий ишлари «Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари» йўналишида 3-ўринга лойиқ кўрилди.

Ижодкорлар танловда давлатимиз ва жамиятимиз қурилиши тизимини такомиллаштириш, айниқса, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, тинчлик-осойишталик ва хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини ҳаётий мисоллар орқали очиб берувчи ижодий асарлари билан иштирок этди.

Мазкур йўналишда уч юз элликдан ортиқ ижодий ишлар сараланди. Муносиблар рағбатлантирилди. Зеро, рағбат изланишга ундайди.

ЎзА
4 093