ЎзА Ўзбек

17.08.2018 16:08 Чоп этиш версияси

Рағбат ижодкорга илҳом бағишлайди

“Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган танловда вилоятда самарали ижод қилиб келаётган ижодий ташкилотлар вакиллари, шоир-ёзувчилар, тасвирий санъат усталари, журналистлар иштирок этди.

Оҳангарон шаҳар маданият ва истироҳат боғида бунёд этилган муҳташам амфитеатр биносининг очилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирга уланиб кетган тақдирлаш маросимида Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латипов ва бошқалар мамлакатимизда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш ва меҳнат шароити яратиш, истеъдодини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинациясида ғолибликни "Шашмақом" йўналишидаги “Сафти Сарвиноз” бадиий асари учун Неъмат Арслонов қўлга киритди. Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари номинациясида “Машъал” газетаси катта мухбири Отабек Исроилов, тасвирий санъат, фото ва дизайн номинацияси бўйича сомондан ажойиб санъат асарлари яратиб келаётган Жасур Жумаев биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Шунингдек, қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Аваз Худойқулов, ЎзА
5 440