ЎзА Ўзбек

13.08.2018 12:49 Чоп этиш версияси

Америкадан келиб, раҳбариятда ишлаётган ватандошимиз (+видео)

Америкадан келиб, раҳбариятда ишлаётган ватандошимиз (+видео)

Отабек Назиров 2018-йилнинг баҳорида Тошкентга кўчганида унга Инновацион ривожланиш вазирлигида вазир муовини, деган лавозим таклиф қилинган эди. Орадан кўп ўтмай, Назиров бошқа ишга – Халқ таълими вазирлигига ўтди. Ҳозир у ерда вазир муовини.

43 ёшли ватандош чорак аср мобайнида Америка ва Европада яшаган, ишлаган. 18 ёшида оиласи билан Тошкентдан океан ортига – Америкага йўл олган. Олий таълим ва касбий фаолияти Ғарб билан боғлиқ. Сиёсий тажрибага эга эмас, олдин бирор ҳукумат ёки бошқарув лавозимида ишламаган.

Лекин Назировнинг ўзига ишончи баланд. Банк ва молия соҳасидаги билим ва тажрибаси она юртида қўл келиб, тизимни янгилаш учун хизмат қилади, деган умидда.

“Америка Овози” билан Тошкентдаги янги идорасида ўтириб, эркин суҳбат қилар экан, Назиров кечинмаларини яширмади. Европа тикланиш ва тараққиёт банкидаги иссиққина ўрнидан воз кечиб, Ўзбекистоннинг таълим тизимини ривожлантиришга бел боғлаганини тушунтиради.

Навбаҳор Имамова: – Отабек, биз сиз билан бир-биримизни 2005-йилдан бери таниймиз. Бундан 13 йил олдин касбий фаолиятимизнинг АҚШ пойтахтидаги илк йилларида Ўзбекистон ҳақида, келажак ҳақида гаплашганимизда сизнинг ҳам, менинг ҳам хаёлимизга мана шундай кунлар келиши келмаган, яъни, мен Тошкентда Халқ таълимидек вазирликда ёнма-ён ўтириб, сиз билан ислоҳотлар ҳақида гаплашаман, Отабек Назировни Америкадан Ўзбекистонга нима сабаблар олиб келгани ҳақида суҳбатлашаман, деб ўйламаган эдим. Катта раҳмат, бебаҳо вақтингизни ажратганингиз учун.

Отабек Назиров: – Одам ўйламаган ишлар бўлмоқда. Хабарингиз бор, ҳозир Ватанимизда шундай муҳим ўзгаришлар бўляпти. Шунинг учун ҳам бизга ўхшаб мусофирчиликда юрган ватандошларимиз, биз ҳам ана шу жараёнларда иштирок этсак, биз ҳам кучимизни бағишласак бўлармикан, деб ният қилиб юрибди. Омадимиз бор экан, шундай катта ишонч ва масъулият берилди. Бу ерга ана шундай ниятлар билан келдим.

Навбаҳор Имамова: – Омад деган нарса бор, бу аниқ, лекин ҳаракатда баракат, яъни хоҳлаш мумкин, лекин ҳаракат қилмасанг, ҳеч нарса бўлмайди. 2005-йилда сиз билан илк суҳбатимиз Ўзбекистон келажаги ҳақида бўлган эди. Қачон Ўзбекистонда имкониятлар даври бошланади, ўзи имкониятларни ким очиб бериши керак, нима қилиш керак деган саволлар... Лекин сиз айнан ҳозир келишни маъқул кўрдингиз, айнан 2018-йилнинг баҳорида шундай қарорга келдингиз. Албатта шошмадингиз, чунки сиз билан ўтган йили Нью-Йоркда ҳам гаплашган эдик.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясида сўзга чиққан пайтда бизнес форумда анча гаплашган эдик. У пайтда ҳали қарор қилмаган эдингиз... Нега айнан ҳозир келдингиз ҳукуматга?

Отабек Назиров: – Бу саволингизга жавоб битта – ҳар нарсанинг ўз вақти бўлар экан. Боя айтганингиздек, ҳаракатда баракат. Менимча, бугунги кунларга ўтган кунлар ва ўтган йилларнинг ҳиссаси бўлган. Бу қадам-бақадам пишаётган нарса, пишгандан кейин мана қайтиб келдик.

Навбаҳор Имамова: – Ва буни ўзингиз ҳис қилдингиз?
Отабек Назиров: – Тўппа-тўғри.

Навбаҳор Имамова: – Ва шу пайтгача Ўзбекистон ҳукуматига қўшиламан, шу тизимда ишлайман, деб юрган одамлардан фарқли ўлароқ, сиз ўзингиз топдингиз бу имкониятни.

Отабек Назиров: – Албатта, одам ўз ҳаракатини қилиши керак. Четда туриб ҳеч ким сизга таклиф бермайди ёки қандайдир вазифаларни топширмайди.


Навбаҳор Имамова: – Телефон қилиб, илтимос, шу лавозимга кел, демайди…

Отабек Назиров: – Албатта. Менда бир нарса бўлган, хабарингиз бор, охирги 8 йилда Лондонда Европа тикланиш ва тараққиёт банкида ишлаб юрган пайтимда асосий мижозлар Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган. Шу 8 йил ичида Ўзбекистон атрофидаги Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон билан ишлаганман. Ўтган йили бизнинг банкимизни Ўзбекистонга қайта таклиф қилишди. Ана шундан кейин мен ҳам ўз ташаббусимни қўшиб, Европа банкини Ўзбекистонга қайтариш бўйича ишчи гуруҳга қўшилдим. Ана шу ҳаракатда кўп одамлар билан танишдим. Кўп таклифлар бўлди. Натижада энг мос келган таклиф тушди. Албатта, қандай қилиб йўқ, дейсиз? Бу ҳаётда балки бир марта бўладиган имкониятдир. Бу менимча, 43 йилда тайёр бўлиб келган қарор.

Навбаҳор Имамова: – Бу оғир, чунки сиз нафақат АҚШда, балки Европада ҳам профессионал ютуқларга эришиб, ҳозир айтиб ўтганингиздек, комфорт ҳудудида бемалол яшашингиз ва у ердан туриб ҳам Ўзбекистондаги жараёнларга таъсир кўрсатишингиз мумкин эди. Ана шу банкдан туриб ҳам Ўзбекистон тараққиёти учун ҳисса қўшишингиз мумкин эди. Лекин сиз мана ҳозир Халқ таълими вазирлиги учун ажратилган янги, ҳали таъмирдан чиқмаган бинода ўтирибсиз. Аввало, сиз бошқа вазирликда иш бошлаган эдингиз, инновация соҳасида, лекин орадан кўп ўтмай, сизни бошқа вазирликка олиб келишди. Ана шу жараён ҳақида гапириб беринг. Қаерда иш бошладингиз ва ҳозир қаердасиз?

Отабек Назиров: – Биринчи таклиф Инновацион ривожланиш вазирлигидан бўлган. Бу янги вазирлик ўтган йилнинг охирида ташкил этилган. Бу йил инновацион ривожланиш мақсадларини акс этган йил бўлди. Бу Президентимизнинг ўз фикрлари эди, чунки инновациясиз давлатлар ривожланмайди. Ана шу вазирликда бўш иш ўрни бўлган экан, менга таклиф қилишди.

Қизиқ соҳа, менинг асосий вазифаларимдан бири молия соҳасида инновацион таклифларни киритиш эди. 6 ҳафта ишладим, кўп нарсаларни ўргандим. Мени биласиз, умуман давлатда ишламаган одамман. Сиёсий тажрибам йўқ. Шунинг учун ҳам биринчи келганимда бироз мослашишга уриниш ҳолатида бўлганман. Бу тизимнинг ҳар бир давлатдаги каби ўз регламентлари бор.

Навбаҳор Имамова: – Сизда сиёсий тажриба йўқ эди... Лекин келишингиздан олдин мен сиз билан қисқача гаплашганимда руҳан тайёр эдингиз. Бу ҳам қизиқ эди.

Отабек Назиров: – Тайёр бўлганим – ниятим бор эди. Бу энг асосий нарса. Бир одам ўзига ният қилиб қўйгандан кейин қолган нарсани ўргатиш мумкин. Одамда мослашувчанлик бўлиши керак.

Навбаҳор Имамова: – “Ўзингни ўтга ташлама, керакми сенга шу нарса ҳозир”, деган маслаҳатлар беришмадими?

Отабек Назиров: – 90 фоиз одам маслаҳатлашганимда, суриштирганимда ҳайрон бўлишган, сиз айтганингиздек, комфорт ҳудудинг бор, юрибсан, нима кераги бор, деб. Лекин одам қандайдир йўлни ўтгандан кейин ўзининг келажагига ниятлари бўларкан: хўш, ишладинг, ўргандинг, кейингиси нима? Олган билимингиз, тажрибангизни яна қаерда ишлатса бўлади? Ватанда!!! Мана, ҳозир шундай имкониятлар очилган экан, нима учун йўқ, дейиш керак? Мен шуни ўйлаганман. Раҳбарларга катта раҳмат дейман, Ўзбекистон раҳбарларига, Президентимизга, мана шундай имкон бериб қўйиб, йўлларни очиб қўймоқдалар. Бу жудаям катта ютуқ.

Инновацион ривожланиш вазирлигида иш бошлаб, кейин Халқ таълими вазирлигига келганимга тўхталсам, таълим тизими охирги 25 йилда жуда ҳам кам аҳамият берилган соҳа экан. Муаммолар жуда кўп. Экспертлар, ўқитувчилар кам. Бизнинг вазиримиз Шерзод Шерматов билан Инновацион ривожланиш вазирлигида бирга ишлаётган эдик, уларга шундай таклиф келди: шу вазирликка кўпроқ аҳамият бериш керак экан, команда йиғиб кела оласанми, деб таклиф берилган эди.

Навбаҳор Имамова: – Қизиқ бу, чунки халқ таълимини яхшиламасдан туриб, қанақа инновация ҳақида гапириш мумкин?

Отабек Назиров: – Тўппа-тўғри. Агар биз таълим соҳасига ҳозир аҳамият бермасак, кейин қийин бўлади. Шундоқ ҳам кўп вақт бой берилди. Стандартлар пастга тушиб кетган, аҳамият берилмаган, ўқитувчининг обрўси тушиб кетган. “Агар ўқитувчининг обрўси бўлмаса, қандай қилиб болаларимизга тарбия берамиз? Қандай қилиб биз уларга билим берамиз?” деб давлат раҳбари бизга таклиф берди, биз шу ерга келдик. Мана энди 3 ҳафта вақт ўтди, икки кун олдин, хабарингиз бор, Президент билан учрашув бўлди, ҳамма раҳбарларни йиғиб, биздан ҳисобот сўрадилар. Нималарни ўргандик, нима таклифларимиз бор, ўшанда кўп-кўп фикрлар берилди. Президентимиз бизни қўллаб-қувватлади. Биз томонимиздан таълимни ривожлантириш бўйича берилган нимаики фикримиз бўлса, барчаси тасдиқланди. Мана энди биз жамоа бўлиб, бирлашиб, ишлашимиз шарт. Аста-секин ўрганиб чиқаяпман. Бу ҳам катта тажриба мен учун. Жуда катта тажриба. Чунки, бу хусусий сектордан бутунлай бошқа нарса.

Навбаҳор Имамова: – Омад сизга, катта раҳмат!

Отабек Назиров: – Раҳмат! Асосий вазифаларим: молия, бюджет, режалаштириш соҳасида. Ана шуларни бу соҳада иложи борича тўғри йўлга қўйиб, керак бўлган молияни ажратиш, ўқитувчилар маошини, тизим самарадорлигини оширишдан иборат. Муаммолар жуда ҳам кўп, бу бир, икки, уч кунда ҳал бўладиган иш эмас. Иккита нарсага аҳамият беришга Президентимиз илтимос қилдилар: бугунги кунда ҳал қила олишимиз мумкин бўлган масалалар ва стратегик масалалар, яъни қандай қилиб бутун таълим тизимининг методикасини, бошқарувини ўзгартириш, вилоятларда инвестиция кам бўлган, кўрилмаган мактаблар бор, уларга қандай қилиб молияни киритиш каби масалаларда таклиф бериб, вазифа ва мақсадларни белгилаб берган.


Навбаҳор Имамова: – Мана, сиз узоқ йиллар хорижда яшагансиз. Умуман, бошқа бир менталитетда, бошқача бир ёндашувда ва ҳозир ўзгариши керак бўлган тизимдасиз, яъни ислоҳотлар энди бошланмоқда. Бу ҳукумат жуда катта ўзгаришлар қилишни хоҳлайди ва уларни қандай қилиш мумкин, деб савол билан юзланаётган пайтда кириб келиш сиз учун қанчалик қийин бўлди?

Отабек Назиров: – Менимча, бу саволнинг жавоби фалсафий бир жавоб. Биз барибир ўзбекистонликмиз, пойдеворимиз шу ердан. Мен масалан, 25 йил хорижда яшаган бўлсам ҳам, 17-18 ёшларимда чет элга чиқиб кетганман. Хорижда ўрганган тажрибам ва ўзбекчилигимиз ўртасида бир мувозанат яратаман, деб ўзимга мақсад қўйган эдим. Шунинг учун ҳам бу бир тажриба жараёни. Ҳар куни ўрганиб, аста-секин ечимларни топиш керак.


Навбаҳор Имамова: – Нима учун ҳамма нарса сизга муҳайё бўлиши керак, тўғрими? Сиз ахир бу тизимда ишлаш учун келдингиз.

Отабек Назиров: – Тўппа-тўғри. Лекин керак пайтда, агар қандайдир бошқача таклифларингиз бўлса, бериш керак. Мен бир нарсага хурсанд бўлаётганим: каттами-кичикми, ким бўлишидан қатъи назар, бу ерда мен билан ишлаётган ходимлар, раҳбарлар эшитишади ва диалог юзага келади.

Навбаҳор Имамова: – Сиздан ўрганишмоқчи…

Отабек Назиров: – Мен ҳам ўрганаяпман, биз бир-биримиздан ўрганмоқдамиз, бу жуда муҳим. Лекин бу жараён бир, икки, уч кунда бўладиган иш эмас.

Навбаҳор Имамова: – Демак, ҳар куни сиз учун синов.

Отабек Назиров: – Ҳа.

Навбаҳор Имамова: – Президент билан тез-тез учрашиб турасизми?

Отабек Назиров: – Президент билан икки марта учрашдик.

Навбаҳор Имамова: – Ҳаммага жуда ҳам қизиқ – чет элдан келаётган мутахассислар Ўзбекистонда нима каромат кўрсатиши, нимани қойиллатиб бериши мумкин? Чунки биласиз, хорижда юрган ўзбекистонликлардан ҳам жуда кўп нарсалар кутиляпти. Нафақат ёрдам, нафақат инвестиция, балки интеллектуал мадад, руҳий мадад, тўғрими? Сизга ўхшаб чет элдан келиб тизимга қўшилишни хоҳлаб юрганлар кўп. Улар ўйлаётган бўлиши мумкин: ким мени қувватлайди? Эртага Тошкентга борсам, атрофимда ким бўлади? Хориждан борганлар бир-бирини қўллаб-қувватлай олаяптими? Ўзига хос бир доира шаклланганми? Уларга нима деган бўлардингиз?

Отабек Назиров: – Битта таклифим бўлади. Эртанги кун, индинги кун, бир йилдан кейин нима бўлади, буларни режалаштириш қийин. Келиб, бошлаш керак. Тамом. Қайси бир мамлакатда ҳозир шундай тарихий имкониятлар яратилган? Агар одам, ўтириб унинг ҳисоб-китобини, таваккал қилайми-йўқми, деб хавотирга берилса, ҳеч қачон қарор қилолмайди. Бораман, дейиш керак, тайёрман, дейиш керак ва келиш керак!

Навбаҳор Имамова: – Демак, синовларга тайёр туриш керак…

Отабек Назиров: – Тайёр туриш керак. Мисол келтираман, ҳозир бизнинг вазирлигимизда жуда ҳам кўп имкониятлар очилаяпти, янги бошқармалар ташкил қилинаяпти, янгича фикрлайдиган одамларни излаяпмиз. Мактаб директори бўлиши мумкин, туман халқ таълими бўлими мудири, вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбари бўлиши мумкин. Бизнинг Халқ таълими вазирлигига ҳам мутахассислар керак.

Тажрибаси борми, йўқми, шу Ватанга хизмат қиладиган инглиз тили ёки математикадан дарс берадиган ўқитувчи ҳам бўлиши мумкин. Ҳозирнинг ўзида мамлакат бўйлаб ўқитувчилик учун 18 мингта бўш иш ўрни мавжуд.

Навбаҳор Имамова: – Демак, маориф ва таълим соҳасида ишлаб юрган, ўзига хос тажрибага эга ўзбекистонликлар агар хоҳлашса, имконият бор?

Отабек Назиров: – Жуда ҳам катта имкониятлар бор. Мен уларнинг ҳаммаларини таклиф қиламан. Кимда қизиқиш бўлса, биз ҳозир ҳатто электрон почта ҳам очганмиз ёки бизнинг қабулхонамизга телефон қилиши мумкин. Ким шу Ватанга қайтиб, Халқ таълими вазирлигида ишлашга тайёрман деса, марҳамат. Бундан ташқари, ҳозир давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини йўлга қўйиш, хусусий мактаблар ташкил қилиш бўйича таклифлар бўлмоқда. Бу ҳам катта масала.

Навбаҳор Имамова: – Тизим билан ҳали ҳам ишлаш қийин, суст, масъулият савияси паст, деган гапларни кўп эшитамиз ва ҳозиргача ҳаракат қилганлар ҳам ҳаракатлари боши берк кўчага кириб қолганини айтади. Айрим ҳолларда Ўзбекистон ҳукумати билан музокара қила олмадик, мисол учун, маош юзасидан келиша олмадик, деган шикоятларни эшитаяпмиз, чунки ўтган бир йил ичида юзлаб ватандошлар Ўзбекистонга келиб ишлашга ҳаракат бошлаган. Маош масаласи қандай ҳал қилинади? Ғарбда топиб юрган пулингизни, Ўзбекистонда топа олмайсиз. Сиз мана шу борада қандай қарорга келдингиз? Яъни молиявий қарор, оилангиз бор, тирикчилик қилиш керак.

Отабек Назиров: – Бу масалани ҳал қиладиган ҳар хил йўллари бор. Бу жараён ўз тажрибамдан ўтди. Масалан, Америка билан Ўзбекистонни солиштирадиган бўлсак, турмуш даражаси деган тушунча бор. Америкада ҳаёт жуда ҳам қиммат. Бор ишлаган пулингизнинг ҳаммасини ижарага тўлайсиз, тиббий суғуртага тўлайсиз, машина ижарасига тўлайсиз, кредит оласиз, тамом. Ватанда вазият бошқача. Менимча, ана шу эквивалентни ўрганиб чиққанда бу ерда бериладиган пул Америкадагига мос келиши мумкин.

Навбаҳор Имамова: – Яъни бу ерда ҳам бемалол тирикчилик қила оласиз…

Отабек Назиров: – Ҳа. Ҳозирда шу масалани ҳал қилишга, яхши мутахассисларга яхши ойлик беришга қаратилган фонд ташкил этаяпмиз. Буни ҳозир ўрганиб чиқаяпмиз, бир, икки, уч ой ичида шу фондга турли манбалардан пул тўпланади. Яна бир гап айтаман, агарда Ватанга қайтиб, фақат пул масаласини ўйлаётганлар бўлса, унда бўлмайди. Ватанга қайтиш масаласи бошқа-бошқа. Ватанга хизмат қилиш керак. Мен 25 йил бу кунни кутганман, бу йилни кутганман. Фидойилик деган тушунча бор. 24 соат етмайди бизга, эрталаб соат 9:00 да ишга келдикми, кечаси соат 12, 1 гача ишлаймиз. Ҳеч ким бизни қулоғимиздан бу ерда ушлаб турмайди. Ўзимнинг ниятим бор, чунки вазифалар кўп, ҳужжатлар, қарор ва қонунлар лойиҳасини тайёрлаймиз. Бугун қилаётган ишимизнинг эртага жуда катта таъсири бўлади. Мен қандай қилиб ухлашим ёки пулимни санашим керак?! Бу ерда келажакни яратиш ҳақида қайғуриш лозим. Биз ўзимиздан анча устун турадиган жараённинг бир қисмимиз. Жорий ҳукумат, давлат раҳбари бизга ана шу имкониятни бериб турибди. Истаган ғоянгизни стол устига ташлаб, мунозара қилиб, фикрингизни ҳимоя қилиб, амалга татбиқ этишингиз мумкин. Бу борада ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бу менга куч бағишлайди.

Навбаҳор Имамова: – Юқорида келажак ҳақида эртага ёки индинга нима бўлади, деб ўйланаверманг, дедингиз. Масалан, қисқа муддатга келиб, ишлаб кетмоқчи бўлганларга нима маслаҳат берган бўлардингиз?

Отабек Назиров: – Бу жуда ҳам яхши, ҳамма нарсани ташлаб, кўчиб келиб эмас, бир ой, беш ой, бир йил бўлиши мумкин, хизмат қилса бўлади. Чунки ҳозир бизнинг вазирлигимизда лойиҳавий ишлар жорий қилинмоқда, улар қисқа муддатли бўлади.

Масалан, маълум бир стратегияни яратиш ёки лойиҳани бошлаш каби. Ҳозир, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки билан ишлаяпмиз, ана шу лойиҳаларга ҳам келиб ёрдам бериш мумкин.

Навбаҳор Имамова: – Айтиб ўтганингиздай, Президент томонидан ҳозир икки масала – биринчиси, шу тизимни ривожлантириш учун қисқа муддатда қилиш мумкин бўлган ишлар, иккинчиси, стратегик масалаларга эътибор қаратиш вазифаси берилаяпти. Мана сиз қисқа муддатда вазир ўринбосари сифатида Ўзбекистонда халқ таълими савиясини ошириш учун нималар қилишингиз керак? Ҳадемай янги ўқув йили бошланади. Ҳозир қандай ўзгаришлар қила оласиз?

Отабек Назиров: – Мавжуд муаммоларни кўриб чиқишга ёндашув ҳам икки хил бўлади. Шундай муаммолар борки, улар қонунларга ўзгартириш киритиш, бошқа вазирликлар билан ҳамкорликда ишлаш, ўзгаришларни мамлакат бўйлаб жорий қилишни талаб этади ва узоқ муддатга мўлжалланган бўлади. Бошқа тур муаммолар эса ўз қўлимизда қисқа муддатда ҳал этилиши мумкин. Ҳозир биз мана шу қисқа муддатли масалаларни ўрганиб чиқмоқдамиз. Қандай қилиб ўқитувчининг ҳаёти, касбий фаолиятини осонлаштириш, ривожлантириш мумкинлигини ўйлаяпмиз. Ҳозир шу муаммоларни давлат томонидан эълон қилаётганимизнинг ўзи катта гап. Айтганимиздек, ўқитувчиларнинг обрўси, ҳурматини, ойлигини кўтаришимиз керак. Айни пайтда бунга қандай қилиб тез ечим топиш мумкинлигини ўрганиб чиқаяпмиз. Узоқ вилоятларда аҳволлари аянчли, эътибор қилинмаган, инвестиция киритилмаган мактаблар бор. Буларни ҳам тез тузатиш мумкин.

Навбаҳор Имамова: – Ўзбекистон ҳозир ўз имкониятидан ҳам ташқарида бўлган, амбицияга тўла ислоҳот дастури билан чиқди, деган қараш бор халқаро ҳамжамиятда. Эплай олармикан шунча ислоҳотларни амалга оширишни, ўзига ўзи жуда катта ваъдалар бериб юбормаяптимикан, деган саволлар бор. Сиз уларга нима деган бўлардингиз?

Отабек Назиров: – Аввало ҳар бир одам ўзига баланд-баланд режалар қўйиши керак. Агар шу йўлга интилмасангиз, бу йўлнинг ярмига ҳам ета олмайсиз. Лекин ҳаракатни бошлашдан олдин билишингиз керак, шу ҳаракатнинг натижасига етиш учун кўп факторлар бўлади. Агар бирор фактор етишмай қолса ҳам, ҳаракат қилавериш керак. Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, нимагаки етишолмаган бўлсам, охиригача қатъий ҳаракат қилмаганман. Шунинг учун ҳам режаларимизни баланд қўйиб, тез ишлашимиз керак. Айтиб ўтганимдек, ҳозир кунда 24 соат етмаяпти. Чунки шундай муаммолар кўпки, бирлашиб, команда бўлиб ишласак, режаларимизнинг 10-20 фоизига эришсак, шу ҳам катта ютуқ бўлади. Бундан қўрқиш керак эмас.

Навбаҳор Имамова: – Мана ҳозир команда ҳақида гапирдингиз. Америкадаги команда билан Ўзбекистондаги команда ўртасида қандай фарқ бор, деб мендан сўрашдики. Менинг жавобим шундай бўлдики, ҳар иккисида ҳам бир ёқадан бош чиқара олишингиз керак. Командангиз, ҳозир ишонган одамларингиз борми?

Отабек Назиров: – Ҳа, албатта. Командани тузиш осон эмас, чунки одамлар бир-бири билан ишлашга ўрганиши керак. Команда дегани – тажриба ва ишонч. Одамлар бирга ишлаганда бир-бирларини ярим сўз, ҳатто сўзсиз ҳам тушунганда самара бўлади. Ҳар бир раҳбар ўз командасини айнан шу восита ёрдамида торта олади, чунки тушуниш бор. Мисол учун, вақт берсангиз, шу раҳбар бошқа командани ҳам йиғиши мумкин. Командани йиғиб, четга чиқиб, янги раҳбар қўйиб давом эттираверилади. Бу бир команда бошқасидан устун. дегани эмас. Жаҳон чемпионатида ҳам кўп командалар чиқади, ҳар команданинг ўз стили бор. Энг асосийси, улар қанча вақт бирга ишлаган? Самара ана шунда бўлади. Командани тузишга вақт керак.

Навбаҳор Имамова: – Ва сиз ҳозир шу билан бандсиз?

Отабек Назиров: – Ҳа, мен ҳозир командамга ўзим таниган, кўп йиллар ишлаган ходимларни таклиф қилаяпман. Аста-секин ўрганиб чиқаяпмиз, ният шу командани ўстириш.

Навбаҳор Имамова: – Ҳозиргача олган асосий сабоғингиз нима бўлди? Шу кунгача нималарни билмас экансиз Ўзбекистон ҳақида?

Отабек Назиров: – Бир нарсани айтишим мумкин, буни факт деса бўлади: бу давлатнинг ишлаш механизми, ҳар бир машинанинг (давлат ҳам бир катта машина), ҳар бир тизимнинг ўз одатлари, протоколлари бўлади. Мен буларни билмас эдим. Бу факт. Аста-секин ўрганиб чиқаяпман. Бу ҳам катта тажриба мен учун. Чунки бу хусусий сектордан бутунлай бошқа нарса.

Навбаҳор Имамова: – Омад сизга, катта раҳмат!

Отабек Назиров: – Раҳмат!


ЎзА
8 871