ЎзА Ўзбек

11.02.2019 16:47 Чоп этиш версияси

Раҳбар ходимлар учун ўқув курси

Раҳбар ходимлар учун ўқув курси

Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вилоят соғлиқни сақлаш тизими раҳбар ходимлари учун ташкил этилган “Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш” деб номланган бир ҳафталик ўқув курси якунланди.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасалари раҳбар ходимлари билими ва малакасини ошириш, амалий кўникмасини янгилаш мақсадида ташкил этилган ўқув курсида машғулотлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институти жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш кафедрасининг профессор-ўқитувчилари, етакчи мутахассислари томонидан 60 соатлик қисқа муддатли махсус мавзули ўқув дастури асосида ўтказилди.

Ўқув-семинарида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги барча ихтисослашган муассаса-ташкилотлар, шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, катта ҳамширалар – жами 53 нафар тингловчи қатнашди.

Бошқарув ходимлари билими ва малакасини оширишга қаратилган махсус мавзули дастур асосида ўтказилган илмий-амалий машғулотларда Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўрганиш ва ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга асосий эътибор қаратилди.

Жамоат саломатлигини ва соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш йўналиши, бирламчи тиббий-санитария хизмати, ходимларнинг касб малакасини тизимли ошириб бориш, ихтисослашган тиббий хизматни яхшилаш, халқаро ҳамкорлик бўйича машғулотлар ҳам амалий тарзда, тингловчиларнинг фаол иштирокида ўтди. Ўқув-семинари давомида мамлакатимиз тиббиёт соҳасини ривожлантиришнинг илмий-назарий, ҳуқуқий, моддий-техник асослари тушунтирилди.

– Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасини ривожлантиришга, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратаётган алоҳида эътибори туфайли кўплаб муаммолар ечилиб, соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда, – дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқариш кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Дамин Асадов. – Бу жараёнда соҳадаги раҳбар кадрлар билими ва малакасини ошириш ўта муҳим аҳамиятга эга. Амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти инсон омилига, яъни соҳада фаолият кўрсатаётган кадрларга бевосита боғлиқ. Ўзгариш ва янгиликларни ҳаётга татбиқ этишда, аввало, раҳбарнинг билим ва малакаси юқори бўлиши зарур.

Тошқул Бекназаров, ЎзА​​
1 315