ЎзА Ўзбек

26.07.2018 15:09 Чоп этиш версияси

PwC глобал тармоғи илк бор "CEO Survey" лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди

PwC глобал тармоғи илк бор "CEO Survey" лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди "Price waterhouse Coopers" компанияси анъанавий тарзда дунёдаги йирик бизнес раҳбарлари ўртасида "CEO Survey" сўровини ўтказиб келади. Бу йил мазкур дастурда дунёнинг 85 мамлакатидан 1300 нафар йирик бизнес эгалари, шу жумладан, мамлакатимиздаги 30 хорижий ва маҳаллий компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Ушбу тадқиқот жаҳонннинг етакчи тадбиркорлари олдида турган муаммоларни кўрсатиб бериш, шу орқали дунёда мамлакатларнинг бизнес жозибадорлиги ҳақидаги маълумот тарқатишдан иборат.

Қуйида PwC томонидан мамлакатимизда олиб борилган тадқиқот натижалари, бу борада хорижий давлатлардаги вазият билан танишамиз.

Сиз 12 ой мобайнида бутун дунёда иқтисодий ўсиш суръати кузатилишига ишонасизми?

Ушбу савол тадқиқот доирасида берилган илк сўровдир. Ўзбекистонда фаолият юритаётган бизнес доираларининг (хорижий ва маҳаллий компаниялар назарда тутилмоқда) 70 фоизи бунга ишонч билдиришган. Дунё миқёсида ушбу рақам 57 фоизни ташкил қилади. Буни йирик бизнес вакилларининг мамлакатимизда кейинги йилларда қайд этилаётган барқарор ўсиш тенденциясига бўлган ишонч дейиш мумкин.

Нашр муаллифларининг таъкидлашича, ўзбекистонлик сўровнома иштирокчиларнинг иқтисодий ўсиш суръати борасидаги ижобий қарашлари Россия, Қозоғистон, умуман олганда бутун дунё бўйича мамлакатимизда бизнес юритиш бўйича қизиқишни оширади.

Шунингдек, ишбилармонларнинг 40 фоизга яқини меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни унификациялаш ва геосиёсий хавф-хатарларни бошқаришда мамлакатимизда кечаётган глобаллашув муҳим аҳамият касб этишини қайд этишган бўлса, бу кўрсаткич дунё миқёсида 26-28 фоизни ташкил қилган. Сўровнома натижаларидан кўриш мумкинки, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида глобаллашуви ва интеграциялашуви аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисмини тўлиқ бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Ушбу бандда, шунингдек, Ўзбекистонда глобаллашув капитал, кадрлар, товар ва хизматлар ҳаракатининг соддалашишига имкон бергани қайд этилади. Бу рақамларда қуйидагича акс этган:

Глобаллашувнинг соҳалар кесимидаги таъсири ҳақида:

Капитал, кадрлар, товар ва хизматлар ҳаракатининг соддалашганига ишонч – Ўзбекистонда 67 фоиз, Россия ва Хитойда тенг равишда 64, Туркияда – 55, Бутун дунё бўйича ўртача ҳисобда 58 фоиз.

Аҳолининг моддий таъминланганлиги борасидаги тафовутнинг қисқариши – Ўзбекистонда 33 фоиз, Россияда – 9, Қозоғистонда – 21, Хитойда – 44, Туркияда – 6, Бутун дунё бўйича ўртача – 18 фоизга тенг.

Геосиёсий хавф-хатарларни бошқаришдаги ижобий натижаси – Ўзбекистонда 37 фоиз, Россияда – 32, Қозоғистонда – 34, Хитойда – 51, Туркияда 25, Дунё бўйича ўртача 26 фоиз.

(Жадвалда бошқа қатор йўналишлар бўйича ҳам маълумотлар келтирилган)

Девальвация – иқтисодий сиёсат билан белгиланадиган реал валюта курсининг пасайишини англатиши маълум. Бундай шароитда аксар инвестор сармоя киритишдан ўзларини тийишлари мумкин.

Навбатдаги савол шу мазмунда бўлиб, компаниянгиз келгуси 12 ой ёки уч йилда фойда олишига ишонасизми сифатида қайд этилади. Бир қарашда оддий савол бўлиб кўринган сўров ишбилармоннинг мамлакатда давлат томонидан назорат ва белгиланган тартиб асосида олиб борилаётган иқтисодий ўзгаришлар жараёнига қайд даражада ишонч билдириши мумкинлигини ҳам кўрсатади. Бу ўриндаги кўрсаткич ҳам мамлакатимизда ижобий баҳоланган. Яъни, 87 фоиз иштирокчи компаниясининг келгуси уч йилда ўз фаолиятини фойда билан якунлашига ишонч билдирган. Ушбу рақам Россияда 75 фоиз, Қозоғистонда 86, Бутун дунёда ўртача 91 фоизга тенг.

Соҳада малакали кадрлар етишмаслиги нафақат минтақада, балки дунёда бизнес соҳасидаги энг катта муаммолар сифатида қайд этилган бўлса-да, киберхавфнинг мавжудлиги ва технологик ўзгаришлар билан боғлиқ муаммолар Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ишбилармонлар учун таҳдид сифатида қаралмаслиги ойдинлашади.

Маълумот ўрнида, PwC компаниясига XIX асрнинг 90 йилларида асос солинган бўлиб, ҳозирги кунда дунёнинг 150 дан зиёд давлатларда фаолият юритиб келади. Хусусан, ушбу компания мамлакатимизда 1996 йилдан бери аудит, бизнес-маслаҳатлар, иқтисодиётнинг турли тармоқ
ларида солиқ ва ҳуқуқий хизматларни кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, Жаҳон банкининг Doing business рейтингги учун солиқ бўйича маълумотларни тақдим этишда иштирок этади. Глобал тадқиқотлари бўйича якуний натижалари эса Швейцарияда ўтадиган Бутундунё иқтисодий форумида эълон қилинади.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
3 028