Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.09.2018 10:00 Чоп этиш версияси

Пул бўлса, "чангалда шўрва"...ми?

Пул бўлса, "чангалда шўрва"...ми?
Ривоят қилишларича бир йигит ўн йил уриниб, бир неча қадам наридан туриб отиб, игнадан ип ўтказиш маҳоратини эгаллабди. Кунларнинг бирида ўз ҳунари билан мақтаниб, буни шоҳга намойиш этишга журъат этибди. Шоҳ эса бундан ҳайратланиб, хазинабонга йигитнинг ушбу ҳунари учун унга эллик тилла беришини, жаллодга эса йигитнинг айни шу ҳунари учун эллик дарра уришни буюрибди. Шоҳнинг бундай муносабатидан ҳайратланган йигит бу ишнинг сабабини сўраганида шоҳ: “Сен ҳозир ўн йил умрингни сарфлаб, ҳеч ким қилолмайдиган ишни қилганингдан ҳайратландим ва эллик тиллага лойиқ билдим. Лекин бу эллик тиллага лойиқ иш учун умрингнинг шунча йилини сарфлабсан-у бунинг ҳеч кимга фойдаси йўқлигини англамабсан, бундан ғазабландим ва эллик дарра уришга буюрдим”, деган экан...
Дарҳақиқат, бугун ҳаёт ташвишлари билан банд бўлмаган кишини учратиш қийин. Ташвишлар эса аксар ҳолларда моддий манфаатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Манфаатларимизни таъминлаётган касбимиз эллик тилла топа олишини эмас, атрофдагиларга қай йўсинда фойда бераётгани ва эллик даррага лойиқ бўлиб қолмаслиги хусусида фикр юритганмисиз?

32323232.jpg

БИР ЎРАМ ПУЛ ТОПИБ ОЛСАМ...

Киши табиати баъзан шундай кайфиятга келадики, ўзи сурган хаёлларга беихтиёр қул бўлиб қолади. Масалан, дейсизми? Айтайлик, йўлда кета туриб бир ўрам пул топиб олдингиз ёки қимматбаҳо тилла тақинчоқ. Хўш, сиз ундан қанчалик қувонишингизни баҳолай оласизми? Кимники деб сўраш одобини-ку биласиз, лекин баъзан буни эсламасликка уриниб, секин атрофга мўралаб, кетишда тушадиганлар ҳам йўқ эмас. Тўғри-да, ҳозир кимники деб сўрашга ҳам ҳаймиқади киши. Бозордан топиб олсангиз, бир даста пулни кўтариб кимники деб кўринг-чи... Ажабмас, “эгалари” чиқиши. Аммо ҳақиқий эгасига ҳам шубҳа билан қараб қолишингиз ҳам мумкин.
Ана энди шу ҳолатнинг тескариси бўлса-чи, яъни бир ўрам пулингиз ёхуд тилла буюмингизни йўқотиб қўйсангиз, қанчалик қайғуришингизни таърифлаб кўринг-чи? Кимнинг қўлида пул ёки йўқотган буюмингизга ўхшаган буюм кўрсангиз, шубҳалана бошлайсиз. Демак, топсангиз, қувонасиз, йўқотсангиз қайғурасиз.
Бундай пайтда қўлингиздан охирги келадиган иш аввало “Одамлар инсофли, топиб олса, олиб келиб беради”, дейсиз. Бироз вақт ўтгач, “Ким топган бўлса ҳам, инсоф ўзига берсин”, дейсиз. Топилмагач эса “Бош, кўзимдан...”, дейсиз. Буюмни эгасига қайтаришни ўйлайдиган кишилар қанчалик кам учраса, йўқотган буюмини қайтариб олиб келишини истайдиганлар шунчалик кўп.

212121.jpg

ҚАЛБИМГА НАЗАР ҚИЛДИМ...

Ривоятларга кўра ҳазрати Хожа Аҳрор валийга савдо карвон йўлда кела туриб, қароқчиларга дуч келгани ҳақида хабар беришади. Валий ҳазратлари босиқлик билан “Худога шукр!” деб жавоб қилибди. Бироз вақ ўтиб, хабарчи Ҳазратга “Қароқчи урган карвон сизники эмас экан”, деганида Хожа Аҳрор яна босиқлик билан “Худога шукр!” деб қўйган экан. Валийнинг жавобидан таажжубланган хабарчи бундай жавоб беришининг сабабини сўраганида, у киши: “Аввалига карвонингизни қароқчи урди”, деганингизга қалбимга назар солдим, қалбим кетган мол учун қайғурмади. Демак, молу давлатга ҳирс қўймабман “Худога шукр!” дедим.
Кейин келиб қароқчи олган карвон сизники эмас деганингизда, яна қалбимга назар қилдим, қалбим омон қолган мол учун қувонмади, молу дунёга ҳирсим йўқлиги тасдиғини кўрдим ва “Худога шукр!” дедим”, дея жавоб берган экан.

22222.jpg

КЎП ПУЛ ТОПА ОЛГАН КИШИ АҚЛЛИ ЭМАС...

Немис халқида бир мақол бор: “Кўп пул топа олган киши ақлли эмас, уни тўғри сарфлай олган киши ақллидир”. Ҳеч эътибор қилганмисиз? Аксарият бадавлат кишилар қанча пул сарфласа ҳам зориқишмайди, аксарият ночор кишилар эса қанча иқтисод қилишса ҳам бойиб кетиши қийин бўлади. Пулдан муҳим нарсалар кўп, лекин пулсиз иложи йўқ, деган фикрларни инкор этмаймиз. Аммо барчасидан улуғ неъмат — хотиржамлик ва саломатликдир.
Бойликни хотиржамлик ва саломатлик манбаига ҳам таъсири бор-ку, дейишингиз мумкин. Албатта ушбу ҳақиқат ҳар кимнинг вазиятига қараб ўзгариб боради.
Одамзод қўлига мол дунё келиб, иши юришиб турса, хурсанд, хотиржам бўлади. “Омадим келди, Худо мени суйгани учун мол-дунёни беҳисоб бериб қўйди”, дея хаёл суради. Гўё соғлигида ҳам камчилик йўқдек хурсанд бўлади. Бундай ҳол токи у зориқишсиз яшашга ўрганмагунича давом этиши мумкин. Чунки иккинчи синовга дуч келишини унутган киши бу ҳолатни синов эмас, омадсизлик деб қабул қилади.
Пули камайиб қолса, ёки мол-дунё келиши тўхтаса, тушкунликка тушиб, ваҳима босади: “Худога қайсидир ишим ёқмаган, шунинг учун мени бойликдан қисиб қўйди, ризқимни камайтириб қўйди”, деб ўйлаб қолади киши.
Кейин эса “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас экан”, деган фикрга ҳам боради. Аммо маблағи тўкис пайтида “Кимдир чув туширса-чи, алдаб кетса-чи, зўрлик билан тортиб олса-чи?” деган хавф-хатарда яшаб юрганлар ҳам бор. Ҳаттоки ўзи тўплаган бойлигини ишончли деб жамғарма сифатида банкларда сақлаётган бўлса ҳам баъзан ушбу пулларнинг ишончли сақланишига шубҳа билан қарай бошлайди.
Демак, бойлик бизнинг фикру хаёлларимизни ўзгартиришига изн бериб қўйсак, унинг оқибатини хайрли деб бўлмайди.

Хуллас, булар бадавлат кишининг ҳаловатини ўғирлаб, оромидан маҳрум қиладиган, сочидаги оқларни кўпайтирадиган муаммоларнинг бир улуши бўлиб, шу ўйлар таъсирида жазавага тушиши ҳам мумкин. Инсон бойлик билан ҳеч қачон руҳий хотиржамликни ҳам, соғликни ҳам, ҳаттоки чангалда шўрвани ҳам тутиб туролмас экан.


Абдулазиз Рустамов, ЎзА
4 988