ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

Публицистика имкониятлари кенг, аммо...

Публицистика имкониятлари кенг, аммо...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бадиий публицистика кенгаши фаолияти сарҳисоб қилинди, истиқболли режалар белгиланди.

2019 йилда Бадиий публицистика кенгаши раиси А.Мелибоев Беларусь пойтахти Минск шаҳрида ўтказилган “Ёзувчи ва давр” халқаро анжуманида иштирок этиб, мамлакатимиздаги адабий жараён, юртимизда ёзувчи-шоирларни, ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати, янги асарлар мазмун-моҳияти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг халқаро алоқалари ҳақида маъруза қилди.

– Мурод Абдувалиевнинг “Қафасдан озод бўлган қуш”, Зуҳра Эшонқулованинг “Мўъжизалар диёрида”, Жовли Хушбоқнинг “Ёнаётган юрак”, Абдукамол Раҳмоновнинг “Маънавиятнинг етти хазинаси” номли публицистик мақолалар тўпламлари нашрга тавсия этилди. “Жонажон Ўзбекистон, мангу бўл омон!” бадиий публицистик мақолалар танлови ўтказилди. Фаол ижодкорлар рағбатлантирилди, – деди Бадиий публицистика кенгаши раиси А.Мелибоев.

Эътироф этилганидек, Зомин семинарида ҳам Бадиий публицистика кенгашининг алоҳида ўрни бор. Бу жараёнда ангренлик Отабек Бакиров, фарғоналик Мадаминжон Солижонов, хоразмлик Гулрухсор Шержонова каби ёш ижодкорларнинг публицистикада ўзига хос услуб ва яхши натижалари кўзга ташланди. Шу билан бирга, 2019 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан 30 дан ортиқ адиб юртимизда амалга оширилган бемисл янгиланишлар, юксалишлар, замонамиз қаҳрамонига айланаётган фидойи инсонлар ҳаёти ва иқтисодимиз ривожига катта улуш қўшаётган замонавий корхоналар фаолияти тўғрисида очерклар, мақолалар ёзиш учун ижодий сафарларга юборилди.

Бахтиёр Ҳайдаровнинг “Соҳибқиронни англаш”, Муҳаммад Алининг “Келажак бугундан бошланади”, Ҳаким Сатторийнинг “Тароват” номли қатор публицистик мақолалар тўпламлари, Зулфия Мўминованинг “Буюк уйғониш” лиро-эпик қиссаси, Абдусаид Кўчимовнинг “Буни ҳаёт дейдилар” эсселари нашрдан чиқарилди.

Йиғилишда публицистика жанри имкониятларидан тўлиқ фойдалана олинмаётгани, бугунги тараққиётни чуқурроқ кўрсатиб берувчи бадиий публицистик мақолалар тайёрланмаётгани танқидий баҳоланди. “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока”, “Жаҳон адабиёти”, “Саодат”, “Ёшлик” каби журналлар, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Маърифат”, “Ҳуррият”, “Китоб дунёси”, “Адолат”, “Ишонч” газеталарида чоп этилган мақолалар мазмун-моҳияти таҳлил қилинди. Газета ва журналларнинг обунасини кўпайтириш лозимлиги айтилди.

4 979
Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА, ЎзА