Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 19:45 Чоп этиш версияси

Адвокатлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари: муаммо ва ечимлар

Адвокатлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари: муаммо ва ечимлар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси томонидан “Адвокатлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Бугун адвокатура соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш долзарб вазифа саналади. Президентнинг 2018 йил 12 майдаги “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Ушбу фармон билан тасдиқланган “Адвокатура институтини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Давра суҳбатида ушбу йўналишда ишлаб чиқилган “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлашда адвокатуранинг роли ва аҳамиятини ошириш, профессионал ҳуқуқий ёрдам сифатини ҳамда адвокатлик касби нуфузини ошириш, шунингдек, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган. Унга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Адвокатура тўғрисида”ги ва “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, қонун лойиҳасида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддатини олти ойдан уч ойгача қисқартириш, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахсларни мажбурий стажировка ўташдан озод қилиш, адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддатини бир йилдан олти ойгача қисқартириш, ҳар бир танланган ихтисослик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатишга доир нормалар белгиланмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида назарда тутилаётган адвокат сўровини кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари, адвокатга нисбатан интизомий чоралар қўллаш муддатларини аниқ белгилаш, лицензиянинг амал қилишини Олий малака комиссияси хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд тартибида тугатиш ҳамда адвокатларга нисбатан интизомий ишни фақат тегишли малака комиссияси ёки Олий малака комиссияси қарори билан қўзғатишга доир нормалар адвокатлар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишига тўсиқ бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.

Партия ва Адвокатлар палатаси ўртасида имзоланган меморандум доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, соҳада учраётган ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси орқали соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар олиш тизимли йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 594