Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.07.2017 11:55 Чоп этиш версияси

Профилактика – жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали усули

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси томонидан ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва пайшанба – профилактика куни муносабати билан амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди. Унда содир этилган жиноятлар, унинг сабаблари таҳлил этилиб, ҳуқуқбузарликлар оқибатлари тушунтирилди.

Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Шаҳарда жорий йилнинг 29 июнидан 6 июлга қадар 19 жиноят қайд этилиб, “изи йўқолмасдан” фош қилинди. Айни пайтда бу ишлар юзасидан тезкор тергов ҳаракатлари олиб борилмокда. Ҳафта давомида қидирувда бўлган 35 жиноятчи қўлга олинган. Тезкор қидирув тадбирлари натижасида бедарак йўқолган 9 кимса аниқланиб, яшаш манзилига қайтарилган.

30 июнь куни Бектемир тумани ҳудудида фуқаро Зокиржон Умаров ва Нурмуҳанбет Жалилов маст ҳолда «Avto-LUX» масъулияти чекланган жамиятига қарашли автомашиналарни ювиш шохобчасида қаровсиз ва очиқ ҳолда қолдирилган фуқаро Ибодовга тегишли бўлган «Spark» автомашинасини олиб қочади. Автомобилни бошқариб кетаётган вақтда бошқарувни йўқотади ва йўл-транспорт ҳодисасини содир этади. Ҳодиса жойидан яширинмоқчи бўлган вақтида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинади. Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 2-қисми билан жиноят иш қўзғатилган ва фуқаро Умаров ва Жалиловга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, ушбу фуқароларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.

8 июнь куни номаълум шахс Сергели тумани ҳудудида ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида фуқаро Мусаеванинг хонадони темир панжарасини бузиш орқали хонадонга кирган. У ердан икки дона умумий баҳоси 4 миллион 870 минг сўмлик телевизор ва 100 минг сўм миқдорда пул маблағини ўғирлаган. Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 3 июль куни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар давомида ушбу жиноят муқаддам ўғирлик жинояти содир этганлиги учун судланган Равкат ва Суҳроб Фармоновлар томонидан содир этилганлиги аниқланган. Уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси танланиб, бошқа жиноятга алоқадорликлари ўрганилмоқда.

Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори – 2017” тадбири давомида Миробод тумани ҳудудида муқаддам талончилик, ўғирлик ва фирибгарлик жиноятлари содир этганлиги учун судланган Бахтиёр Нурматов ва Шуҳрат Абдумўминовнинг ёнида оғирлиги 944,08 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми билан жиноят иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган “Орият” тадбирлари натижасида фоҳишахона сақлаш жиноятлари аниқланди.

Кўча ва жамоат жойларида, хонадонларда босқинчилик, ўғирлик ва бошқа турдаги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида 29 хонадон ва 2 объект қўриқловга олинган. 53 объектга автоном сигнализация ўрнатилган. 51 объектга 148 видеокамера ўрнатилган. Қўриқлаш хизматининг афзалликлари борасида 145 учрашув ва суҳбат ўтказилган.

Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар оқибатида 21 ҳолат аниқланган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида олиб борилган тадбирлар туфайли йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан 17 минг 675, чорраҳаларга ўрнатилган кузатув камералари ёрдамида 6 минг 863 қоидабузарлик аниқланиб, тегишли маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика ишларини кучайтириш мақсадида 33 интернет-кафе ва тунги клубда рейдлар ўтказилиб, ҳафта давомида вояга етмаганларнинг тунги соат 22:00дан сўнг интернет-клубларга келиш ҳолатлари аниқланмаган.

Бу ички ишлар органлари ходимлари томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган профилактика тадбирлари ижобий самара бераётганидан далолатдир.

Нурилло Насриев, ЎзА
1 722






Все о погоде - Pogoda.uz