Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.11.2017 15:42 Чоп этиш версияси

Профилактика – ҳуқуқбузарликлар кушандаси

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида Тошкент ҳарбий округи ҳарбий хизматчилари иштирокида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган тадбир ўтказилди.

Мазкур қонун мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлайдиган муҳим ҳужжат эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликларни олдини олишнинг институционал асослари шакллантирилган. Шунингдек, профилактика билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари, принциплари, турлари, профилактикани амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар, уларнинг ваколатлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини ўзида мужассамлаштирган.

Тадбирда қайд этилганидек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш прокуратура ходимларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги қонунининг 2-моддасида прокуратура органларининг асосий вазифалари қаторида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш вазифаси мустаҳкамланган.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бу соҳада самарали фаолият кўрсатмоқда. Айниқса, ҳудудий профилактика инспекторлари ва фуқаролар йиғинларининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси жамоат тартибини сақлашнинг асосий механизмлари сифатида туну кун меҳнат қилмоқда.

Тошкент ҳарбий округи ҳарбий қисмларида ҳар ойнинг учинчи ҳафта жума кунлари «Ҳуқуқий билимлар ягона куни» ҳамда ҳар ҳафта шанба кунлари «Ҳуқуқий ахборот» куни ўтказилиши таъкидланди. Мазкур кунларда ҳарбий хизматчиларга турли ҳуқуқбузарликлар ва уларнинг оқибатлари тушунтирилади. Профилактик фильмлар намойиш этилади.

Тадбирда бу борада турли тушунтириш ишлари ва профилактик тадбирлар ўтказилаётган бўлсада айрим ҳарбий хизматчилар томонидан турли ҳуқуқбузарликлар ҳамда низомда белгилаб қўйилган мажбуриятларни бажармаслик ҳолатлари учраётгани айтилди.

Тадбир иштирокчиларига «Бирни кўриб фикр қил...» номли фильм намойиш этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 382






Все о погоде - Pogoda.uz