Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 17:17 Чоп этиш версияси

Профилактика тадбирлари самараси

Самарқанд вилоятида ҳафтанинг чоршанба кунлари ўтказилаётган ёнғинлар профилактикаси тадбирлари доирасида корхона ва ташкилотлар, муассасалар, аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, бу борада фуқароларнинг ҳушёрлигини янада ошириш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Жумладан, 16 август куни вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан туман ва шаҳарларда маҳаллий ҳокимликлар, фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда 35 маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 8 уй-жой мулкдорлари ширкатида профилактик тадбирлар ўтказилди.

– Кун давомида аҳоли хонадонлари, корхона-ташкилот, таълим ва тиббиёт муассасаларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилиб, уй эгалари ҳамда масъул шахсларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди, – дейди Самарқанд вилояти ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ёнғинга қарши тарғибот гуруҳи катта муҳандиси Рустам Аноров. – Аҳолининг ёнғин хавфсизлиги бўйича тушунчаси ҳамда табиий газ ва электр ускуналаридан фойдаланишга оид кўникмасини ошириш мақсадида беш номдаги эслатма, йўриқнома ва мурожаатномалар тарқатилди. Маҳалла ва ташкилотлар ҳудудидаги 24 ерости сув олгичлари, 15 сув ҳавзасининг ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш якунлари кенг жамоатчилик иштирокида ҳар бир маҳаллада таҳлил этилиб, хавфсизлик қоидаларига зид ҳаракатларни бартараф этиш чоралари белгиланди. Давлат тасарруфидаги 50 дан ортиқ масканнинг ёнғинга қарши ҳолати бўйича аниқланган камчиликлар юзасидан раҳбарларга ёзма кўрсатмалар берилди.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 18 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди. Ёнғин чиқиш хавфи бўлган 6 корхона, ташкилот, муассаса фаолияти вақтинчалик тўхтатилди ҳамда 62 носоз газ ва электр асбобидан фойдаланиш тақиқланди.

Олиб борилаётган профилактика тадбирлари натижасида вилоятда аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотларда ёнғин билан боғлиқ нохуш ҳолатлар камайишига эришилди. Бу борадаги тушунтириш-тарғибот ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 196






Все о погоде - Pogoda.uz