Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2017 19:06 Чоп этиш версияси

Профилактика тадбирлари: 104 жиноят фош этилди

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари ва корхона-ташкилотларда ўтказилаётган кенг кўламли профилактика тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Профилактика тадбирлари доирасида жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яшириниб юрган қидирувдаги шахслар ушланмоқда. Жорий йил 5 октябрдан 12 октябрга қадар вилоят ҳудудида содир этилган 113 жиноятдан 104 таси фош этилди. Қолган 9 ўғирлик жинояти айбдорларини қидириб топиш бўйича барча чоралар кўрилаётир.

Ҳафта давомида ўғирлик, қасддан одам ўлдириш, фирибгарлик, қонунга хилоф равишда хорижга чиқиш ёки мамлакатимизга кириш каби жиноятларни содир этиб, қидирувда юрган 15 нафар шахс ушланган.

Жорий йилнинг 3 октябрь куни Чирчиқ шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳудудда яшовчи 1988 йилда туғилган шахснинг уйи гумонланиб текширилганда 503,65 грамм “марихуана” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Чиноз туманида яшовчи 1969 йилда туғилган фуқаро Тошкент шаҳрида яшовчи танишининг ишончига кириб, Тошкент туманида жойлашган 12 сотих ерни “номингизга расмийлаштириб бераман”, деб ундан 30 минг доллар олиб, шу кунга қадар қайтариб бермаган. Жабрланувчининг аризасига кўра, ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Профилактика тадбирлари доирасида маҳаллаларда ўтказилаётган учрашув ва давра суҳбатларида катта-кичиклигидан қатъи назар, ҳар қандай жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинаётгани яхши самара бераётир.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 534






Все о погоде - Pogoda.uz