Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 12:01 Чоп этиш версияси

Профилактика самаралари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ўтказилаётган профилактика куни тадбирлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Наманган вилояти Наманган туманида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ўтказилаётган профилактика тадбирлари давомида 8 жиноят фош этилди, 1 нафар қидирувдаги шахс қўлга олиниб, ҳуқуқбузарлик содир этган 1 минг 200 дан зиёд кишига нисбатан маъмурий чора қўлланилди. Маҳаллаларда профилактика ишларининг кенг йўлга қўйилгани, аҳоли ўртасида хуқуқий тарғибот самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар туфайли кейинги уч ойда тумандаги 24 фуқаролар йиғинида бирорта ҳам жиноят содир этилмади, умумий жиноятларнинг сони 4 фоизга камайди.

– Профилактика тадбирларида айниқса ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Наманган тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Аҳмаджон Эгамов. – Таълим муассасаларида ўтказилаётган тадбирларда ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш баробарида, тарбияси оғир, жиноятчиликка мойил ўсмирлар билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жиноят содир этган ёшларнинг қилмишлари кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинмоқда. Жумладан, Тошбулоқ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг қорамол ўғирлаш жинояти билан шуғулланган уч ўқувчисининг қилмиши жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан мазкур коллежда ўтказилган сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Муассаса ўқитувчилари, ота-оналар, ўқувчилар иштирок этган тадбирда ҳуқуқбузарликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан жазо муқаррарлиги тушунтирилди.

"Хўжақишлоқ" ва "Олахамак" маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган учрашувда ҳафта мобайнида содир этилган жиноят ва хуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, бундай ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимизнинг жорий йил 9 февраль куни ички ишлар идоралари ходимлари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, профилактика инспекторларига қулай меҳнат ва турмуш шароитини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, уларни хизмат хоналарига яқин жойда уй-жой билан таъминлаш мақсадида 8 нафар ходимга хизмат уйлари ажратилди. 13 инспекторга уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилди. Профилактика инспекторларининг барчасини автомашиналар билан таъминлаш учун бошланғич тўловлар амалга оширилиб, шартномалар тузилди.

Ҳафтанинг ҳар пайшанбасида амалга оширилаётган жиноятчиликка қарши кураш ва профилактика куни тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Ўтган вақт мобайнида вилоят бўйича мазкур тадбирлар доирасида касб-ҳунар коллежларида ўқув машғулотларига сабабсиз қатнашмаётган ўқувчилар аниқланиб, уларнинг ота-оналари билан мулоқотлар ташкил этилди. Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланган 770 йиғилиш ўтказилди. Гуруҳ аъзолари 85 мингдан зиёд хонадонда бўлиб, уларнинг турмуш тарзини ўрганиш баробарида жиноят содир қилишга мойил, нотинч оилалар, вояга етмаган хуқуқбузарлар, муқаддам судланган ва профилактик ҳисобда турувчи фуқаролар билан суҳбатлар ўтказди. Айни жараёнда 700 дан ортиқ нотинч оилалар яраштирилди. Жойларда ўтказилган 245 сайёр қабулларда фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари ўз ечимини топди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
4 755






Все о погоде - Pogoda.uz