Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 20:18 Чоп этиш версияси

Профилактика куни самараси сезилмоқда

Фарзанд – ҳаёт давомчиси, келажак эгаси. Шунинг учун ҳам чақалоқнинг дунёга келиши доим мўъжиза сифатида қабул қилинади. Лекин бу мўъжиза қадрини баъзан унга етгандан кўра етмаганлар кўпроқ билади.

Акс ҳолда орамизда фарзандларини тирик етим қилиб ташлаб кетаётган ёки унинг таъминоти, тарбияси ҳақида қайғурмайдиганлар бўлмасди. Пойтахтлик Мирдиёр икки нафар вояга етмаган фарзандига шундай муносабатда бўлгани фикримизни тасдиқлайди. Турмуш ўртоғи билан ўзаро келишолмай қолган бу йигит тезда ажрашишга қарор қилди. Бунинг уддасидан ҳам чиқди. Лекин гулдай ўғил ва қизидан ўзи воз кечса-да, зиммасидаги масъулиятдан бўйин товлай олмаслиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди. Зеро, қонунларимизда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур экани кўрсатилган.

Мирзо Улуғбек туманидаги «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғинида М.Нишонов ва унга ўхшаб бир нафар вояга етмаган фарзандини ўз ҳолига ташлаб қўйган Б.Нортоев масаласи туман ички ишлар бошқармаси, прокуратураси, маҳалла фаоллари ва аҳоли иштирокида кўриб чиқилди.

Ёши улуғ кишилар, онахонларнинг фарзанднинг инсон ҳаётидаги аҳамияти, унинг ҳам уволи бор экани ҳақида куюниб айтган фикрлари икки йигитнинг бошини хам қилди. Улар қилмишларидан пушаймон бўлиб, хатоларини тезда тўғрилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пайшанба профилактика куни сифатида белгилангани ана шундай муаммолар ечимида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Профилактика кунида улғайиб келаётган фарзандларимиз турмуш тарзи, ўқиши, тарбиясига бўлган эътибор кучаяётгани қувонарли. Ахир доно халқимиз бола бошидан, деб бежиз айтмаган.

Мирзо Улуғбек туманидаги 71-умумтаълим мактабида шўхлик қилиб ўртоғига тан жароҳати етказган йигит содир этган жиноят сайёр очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд мажлисига мазкур мактабда таълим олаётган, лекин ўқиш давомида белгиланган қоидаларга бўйсунишни истамайдиган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари таклиф этилди. Судья, прокурор, адвокат, профилактика инспекторларининг мактабга бевосита ташрифи, ўзлари билган ўқувчининг суд олдида бош эгиб туриши мактабда ўқиётган бошқа болаларни бефарқ қолдирмади.

– Қонун-қоидаларга беписанд муносабатда бўлиш, ортиқча шўхлик қилиш қандай оқибатга олиб келишини тушуниб етдик, – дейди мактабнинг 9-синф ўқувчиси А.Аҳмадхўжаев. – Бугунги тадбир барчамизнинг кўзимизни очди.

Дарслардан қочиш, ўқитувчига беписанд муносабат, телефон ўйнаб ўтиришдек бемаза одатларни касб қилиб рўйхатда турадиган ўқувчилар мазкур мактабда 35 нафар. Шу куни уларнинг нафақат ўзлари, балки ота-оналари билан ҳам жиддий суҳбат олиб борилди. Оддий шўхликдан кўпинча ҳуқуқбузарлик, ҳатто жиноят келиб чиқиши навниҳол боланинг келажагини барбод қилишига оид мулоҳазалар барчани ҳушёр торттирди.

Тумандаги 187-умумтаълим мактабида ўртоғига пичоқ ўқталган, оқибатда уни ўлим ёқасига келтирган ўқувчининг қилмиши муҳокама этилди. Йиғилишда содир этилган қилмишнинг сабаблари, бунга олиб келган шарт-шароитга эътибор қаратилди. Мажлисдан кўз ёши қилиб чиққан она гарчи фарзандим яхши бола эди, бундай бўлиши мумкин эмас, деб такрорласа-да, у тарбия беришда қаердадир хато қилгани кундай равшан. Бировлар олдида буни тан олгиси келмаса ҳам унинг дилида, виждонида пайдо бўлган афсус-надомат кўз ёшларидан аён эди.

Ота-оналар ва ўқувчилар жалб этилган мазкур тадбир барчани яна бир бор огоҳликка чорлади.

– Профилактика куни ўтказилаётганига энди бир ой бўлди, лекин ижобий натижалари яққол кўзга ташланмоқда, – дейди Ички ишлар вазирлиги академияси катта илмий ходими Алишер Муродов. – Кенг тармоқли "Давомат" тадбири ўтказилаётгани мактаб, коллеж ва лицейларда ўқувчиларнинг дарсга қатнашиш кўрсаткичи кескин ўсишига олиб келди. Бу тадбирда нафақат ўқув муассасалари, балки болалар бориши мумкин бўлган кўнгилочар масканларда ўтказилаётган рейдлар яхши натижа бермоқда. Қўлга тушаётган ўқувчилар дарсга қайтарилиши билан чекланиб қолмай бу ҳолат уларнинг ота-оналари, маҳалладошлари орасида муҳокама этилаётгани барчада масъулиятни ошираётир. Туманда содир этилган жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга камайгани ҳам профилактик чора-тадбирлар натижасидир.

Профилактика куни муносабати билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бўлиб ўтган брифингда ўтган бир ҳафта давомида пойтахтимизда 32 жиноят фош этилгани қайд этилди. Қидирувда юрган 41 шахс қўлга олинган. Фарзанд тарбиясига масъулиятсиз муносабатда бўлаётган 142 ота-она ва 3 интернет-кафе маъмуриятига нисбатан маъмурий таъсир чоралари кўрилган. 304 таълим муассасасида ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари иштирокида муҳокамалар ўтказилган. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 85 фуқаро тегишли тартибда жавобгарликка тортилган.

Йўлларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган рейдлар давомида 25 мингдан ортиқ қоидабузар аниқланган ва уларга нисбатан маъмурий таъсир чоралари кўрилган. Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 15 мартдан пойтахтимизда ўрнатилган видокузатув мосламалари орқали тезликни ошириш, светофорнинг қизил чироғига бўйсунмаслик билан боғлиқ қоидабузарликларни автоматик рўйхатга олиш ва қоидабузарларга жарима ёзиш амалиёти йўлга қўйилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
4 133






Все о погоде - Pogoda.uz