Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2017 19:59 Чоп этиш версияси

Профилактика куни: натижалар қандай бўлмоқда?

Уч фарзанднинг ота-онаси бўлган Акбар ва Азизанинг оиласи ҳавас қилгулик эди. Лекин ҳаёт бир текис бўлмаганидек, кунларнинг бирида уларнинг орасида келишмовчилик келиб чиқди. Маст ҳолатда қўл кўтарган турмуш ўртоғи кейин тавба-тазарру қилса-да, Азиза кечиришни истамади. Иш судгача борди...

Уч фарзанднинг тақдирига қайғурган маҳалла фаоллари ушбу оилавий можарони профилактика кунида очиқ сайёр суд мажлисида муҳокама қилишни зарур, деб топди. Очиқ суд мажлисига таклифнома олган эр ҳам, хотин ҳам ўйланиб қолди. Бутун маҳаллани тўплаб, уларнинг масаласи кўриб чиқилиши оиланинг кейинги ҳаётига, фарзандларига қандай таъсир ўтказиши мумкинлигини ўйлаб, улар сергак тортди. Миробод тумани "Сарикул" маҳалла фуқаролар йиғинига эр-хотин бирга келиб, бундай қилмасликни сўради. Уларнинг ўз хатоларини англаб етгани ва илтимослари инобатга олиниб, сайёр суд уларнинг хонадонида, бегоналарсиз ўтказилди. Эр-хотин ўзаро ярашганлиги муносабати билан иш ижобий якунига етди.

Ҳа, ўтган профилактика кунида шу тариқа бир оила барбод бўлишининг олди олинди. Бошлари хам бўлган уч қоракўзнинг нигоҳларига яна табассум инди!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пайшанба куни "Профилактика куни" сифатида белгиланганидан кўзланган мақсад ҳам шундай. Яъни профилактик таъсир ўтказиш орқали оилаларни сақлаб қолиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишдир.

Навбатдаги профилактика куни пойтахтимизнинг Миробод туманида уюшқоқлик билан ўтказилди. Туман ички ишлар бошқармаси, суд, прокуратура масъул ходимлари кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ўқув муассасалари, маҳаллаларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари билан боғлиқ мавзуларда тарғибот ишлари олиб борилиши билан бирга, кўплаб амалий чора-тадбирлар ҳам кўрилди.

Миробод тумани прокуратураси, ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари билан Тошкент политехника касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган "Давомат" тадбирида қатнашдик. 1-курснинг 18-16-гуруҳида тўрт ўқувчи дарсда йўқ экан. Математика ўқитувчиси Қундуз Тўхлиева уларнинг доимий "прогулчи" эканини айтди. Коллеж маъмурияти бундай ўқувчиларни йўлга солиш учун уларнинг ота-оналари, маҳалла фуқаролар йиғини билан иш олиб боришига қарамай, натижа бўлмаяпти. 1-курс ўқувчиларидан бири Гурбан Куллиевнинг тўрт йилдан бери бир курсдан нарига ўтолмаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Буни унинг гуруҳ раҳбаридан сўраганимизда, бу ўқувчининг ортидан чопиб жуда чарчаганини айтди. Г.Куллиевнинг бугун коллежга "тасодифан" келиб қолганидан фойдаланиб, уни кўришга қизиқдик. Лекин у коллеж биноси эшикларидан ўқувчиларнинг чиқиб кетишига имкон бўлмаса ҳам девор оша жуфтакни ростлаган экан. Бу унинг оиласидаги носоғлом муҳит, ота-онасининг фарзанд олдидаги масъулиятни ҳис этмаслигини яққол кўрсатиб турибди.

Миробод саноат касб-ҳунар коллежида ўтказилган шундай тадбирда аввал дарсларга мунтазам келмаётган Азиз Восиқовни кўриб ҳамроҳларим қувониб кетди. Чунки унинг оиласига, маҳалласига бориб ўтказилган профилактик чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатганди. Қорамол боқишни йўлга қўйган Азизнинг ота-онаси фарзандининг дарсга боришидан кўра, мол-ҳолга қарашини фойда, деб билган. Муаммо нимадалиги аниқлангач, коллеж маъмурияти А.Восиқовга туфли олиб берди. Табиийки, бу ҳол Азизнинг ота-онасига таъсир қилмасдан қолмади. Фарзанд уларники-ю, унинг келажаги учун шунча идора, шунча одам қайғураётгани уларнинг ниҳоят кўзларини очди.

Профилактика тадбирларидан яна бири Байналминал маҳалласида бўлиб ўтди. Очиқ сайёр суд мажлисида айрим оилавий можаролар кўриб чиқилди. Тошкент шаҳар прокуратураси, Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди вакиллари ва маҳалла аҳли иштирокида икки фарзанднинг ота-онаси бўлган Екатерина ва Димитрий Парченколар масаласи кўриб чиқилди. Судья бу икки фуқаронинг ўртага чиқишини сўраганидаёқ, уларнинг бундан ноқулай аҳволга тушгани кўриниб турарди. Ахир маҳалла-кўйнинг олдида бўйин эгиб туриш, уларнинг нигоҳларига бардош бериш ҳар қандай киши учун ор-номус саналади. Бир зумда адоват унутилиб, улар бир-бирини кечириш тараддудига тушиб қолди. Иш ярашув билан якунига етди.

– Ҳар бир маҳаллага алоқадар масала ўша маҳаллада кўриб чиқилиши керак, – дейди "Миробод" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Клара Йўлдошева. – Ана шунда профилактик тадбирдан кутилган натижага эришиш мумкин. Чунки Президентимиз ҳар бир ишимиздан фақат ижобий натижа кутмоқда.

Профилактика кунида пойтахтимиз туманларининг ҳар бирида маҳаллаларда содир этилган жиноятлар муҳокамаси, сайёр суд мажлислари, тарғибот-ташвиқот, "Давомат", йўл ҳаракати, ёнғин хавфсизлиги профилактикаси, паспорт-виза тадбирлари билан бирга аҳоли ўртасида гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва бошқа иллатларга барҳам беришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
5 565






Все о погоде - Pogoda.uz