Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.10.2017 21:25 Чоп этиш версияси

Профилактика инспекторларига замонавий уй-жой ва хизмат автомашиналари топширилди

Профилактика инспекторларига замонавий уй-жой ва хизмат автомашиналари топширилди Андижон ва Наманган вилоятлари ички ишлар бошқармалари тизимидаги таянч пунктлари профилактика инспекторлари тантанали қасамёд қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, турли вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этган тадбирларда Президентимиз ташаббуси билан ички ишлар органлари профилактика инспекторлари иш ва яшаш шароитини яхшилаш, маҳалла, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Тантанали қасамёд қабул қилиш маросимидан сўнг давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Андижон вилоятидаги 120 нафар профилактика инспекторига уй-жой ва имтиёзли кредит асосида сотиб олинган янги хизмат автомашиналари топширилди.

– Бизга кўрсатилаётган улкан эътибор ва яратилаётган шароитлар фаолиятимиз самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Андижон шаҳрининг Ҳ.Аҳмедов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори, катта лейтенант Искандар Ғаниев. – Менга ҳам ўзим фаолият юритаётган маҳалладан уй-жой, имтиёзли кредит асосида “Матиз” автомашинаси берилди. Бу зиммамга катта масъулият юклайди, эл-юрт тинчлиги, осойишталиги йўлида янада фидойилик билан ишлашга ундайди.

21.JPG

Дарҳақиқат, энди профилактика инспектори маҳалла ҳудудида оиласи билан бирга яшайди, маҳалланинг қувончу ташвишига шерик бўлади, муаммоларни биргаликда ҳал этади. Энг муҳими, оиласидан, фарзандларидан кўнгли хотиржам. Бундан профилактика инспекторининг оила аъзолари ҳам беҳад мамнун.

– Турмуш ўртоғимнинг иш жойи уйимиздан анча узоқ эди, – дейди Марҳамат туманидаги "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори, лейтенант Рустам Мирзаевнинг аёли Дилноза Мирзаева. – Икки фарзандимиз бор. Эрта кетиб, кеч қайтганидан болалар отасини ҳатто ҳафталаб кўрмас эди. Мана энди у ишлаётган ҳудуддан уй-жой берилди, бундан ҳаммамиз хурсандмиз. Профилактика инспектори ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор учун Президентимиздан миннатдормиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида янги ташкил этилган Андижон шаҳридаги 4-милиция бўлинмаси ҳам шу куни янги бинода иш бошлади.

– Бўлинмамиз Андижон шаҳридаги 18 маҳалла фуқаролар йиғинидаги 75 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади, – дейди бўлинма бошлиғи, майор Пўлат Мамажонов. – Барча қулайликларга эга, замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган бўлинмамизда ходимларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит яратилган.

Наманган вилояти марказидаги “Уч фаввора” хиёбонида бўлиб ўтган маросимда 120 нафар профилактика инспекторига замонавий хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида сотиб олинган енгил автомашиналар калити тантанали равишда топширилди.

– Бугун осойишталикни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш учун тантанали қасамёд қилдим, – дейди Учқўрғон тумани Қўғай маҳалласидаги 314-таянч пункти профилактика инспектори, капитан Иззатилла Қодиров. – Шу чоққача ишга ҳар куни Чортоқдан – 50 километр масофадан қатнашга мажбур эдим. Бугун хизмат уйи берилди, имтиёзли кредит асосида машинага ҳам эга бўлдик. Бу бизнинг маҳалла билан янада яқин бўлишимизга қулайлик яратади. Ўз навбатида, ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларимизнинг янада самарали бўлишини таъминлайди.

Наманган вилоятида фаолият кўрсатаётган 500 га яқин профилактика инспекторининг ўз ҳудудида хизмат вазифасини сидқидилдан бажариши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Профилактика инспекторлари учун яратилаётган бундай шароитлар уларнинг фаолият самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 451 тага, яъни 12,2 фоиз камайишига эришилгани фикримиз тасдиғидир.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, ички ишлар вазири П.Бобожонов, Олий суд раиси К.Комилов ва бошқалар иштирок этди.

Фахриддин Убайдуллаев, Акрамжон Сатторов, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
4 809






Все о погоде - Pogoda.uz