Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 18:25 Чоп этиш версияси

Профилактика инспекторлари малака оширмоқда

Самарқанд давлат университетида профилактика инспекторлари малакасини ошириш бўйича ўқув йиғини бошланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 9 февралда ўтказилган ички ишлар органлари фаолияти, тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган чора-тадбирлар ижроси доирасида ташкил этилган ўқувнинг дастлабки гуруҳида Самарқанд шаҳри, Булунғур, Каттақўрғон, Нарпай ва Жомбой туманларида фаолият кўрсатаётган 120 дан ортиқ профилактика инспектори малака оширмоқда.

Тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ўқитувчилари, вилоят ИИБ соҳавий хизматлари раҳбарлари профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш, аҳоли билан ишлаш, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг аҳамияти, бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳақида тушунча бермоқда.

– Президентимизнинг бир қатор маърузалари ва соҳа ходимлари билан учрашувида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли билан бевосита ва самарали мулоқотни йўлга қўйишда профилактика инспекторлари малакасини ошириш мазкур ўқув курсларининг асосий мақсадидир, – дейди ИИВ академияси малака ошириш факультети касб тайёргарлиги кафедраси катта ўқитувчиси Улуғбек Расулов. – Ўқув давомида вилоятдаги 660 га яқин профилактика инспектори беш гуруҳга бўлинган ҳолда машғулотларда қатнашади. Икки ҳафталик ўқув жараёнида уларга махсус дастур асосида иш фаолиятида зарур бўладиган энг муҳим масалалар юзасидан маълумотлар берилади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 561






Все о погоде - Pogoda.uz