Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 19:21 Чоп этиш версияси

Профилактика инспекторлари малака оширди

Фарғона давлат университетида профилактика инспекторлари малакасини ошириш бўйича ўқув йиғини бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туманларда фаолият кўрсатаётган 130 профилактика инспектори билим ва маҳоратини оширди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, соҳада мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, профилактика инспекторларининг касбга оид тайёргарлигини ошириш мақсадида ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор самарасида уйимиз, маҳалламиз, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Ушбу улуғ неъмат туфайли иқтисодиётимиз тобора юксалмоқда, шаҳару қишлоқларимизда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бундай ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Маҳаллаларимиз тинчлиги ва оилаларимиз осойишталигини таъминлаш милиция таянч пунктлари фаолиятини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш ҳамда уларда хизмат қилаётган профилактика инспекторлари билим ва малакасини оширишни тақозо қилмоқда. Бу давлатимиз раҳбари томонидан ҳам алоҳида қайд этилди. Мазкур ўқув-йиғин машғулоти ҳам ана шу мақсадга қаратилган.

Тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ўқитувчилари, вилоят ИИБ соҳавий хизматлари раҳбарлари томонидан профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш, маҳалла билан ҳамкорликда ишлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тушунчалар берилди. Хизмат-жанговар ва жисмоний тайёргарлик, маънавий ва ҳуқуқий онгни юксалтириш, касбга оид тайёргарлик юзасидан машғулотлар олиб борилди.

– Ички ишлар тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди, Президентимиз томонидан тизим ходимларига янги вазифалар юклатилди, – дейди Фарғона шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими профилактика инспектори, майор Қаҳрамон Сотволдиев. – Пайшанба – профилактика куни ўтказилиши ҳам соҳа олдига кўплаб талабларни қўймоқда. Ўқув курси давомида юксак малакали, профессионал кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шахсий таркибнинг касб маҳорати, маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимини пухта шакллантириш борасида ҳам тегишли тавсияларни тингладик. Албатта, бу ерда ўрганганларимиз ҳудудлар осойишталигини таъминлаш орқали юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш борасидаги фаолиятимизни танқидий кўриб чиқиш ва самарадорликни оширишда қўл келади.

Ўқув машғулотлари давра суҳбати, мунозара, кичик гуруҳларда ишлаш ҳамда бошқа интерфаол методлардан фойдаланган ҳолда ўтказилди. Тингловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 355






Все о погоде - Pogoda.uz