ЎзА Ўзбек

11.10.2018 19:12 Чоп этиш версияси

Профилактик тадбирлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3802-сонли Қарорида давлат солиқ хизмати органларининг ҳар бир ходими “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариши белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳар томонлама кўмаклашиб, солиқ тўловчиларнинг қонун ҳужжатлари нормаларини тушунмаслик оқибатида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилиши ҳамда уларнинг жавобгарликка тортилишининг олдини олиш мақсадида ҳуқуқий кўмак бермоқда.

Жумладан, савдо, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳасига оид қонунбузарликларнинг олдини олиш, соғлом рақобатни шакллантириш бўйича Олмазор туманида ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида фуқаро М.Нажмиддинова Кичик ҳалқа йўли, 4-уйда давлат рўйхатидан ўтмасдан яширин цех ташкил этганлиги аниқланди. Шунингдек, цехда 20 нафарга яқин фуқаро норасмий равишда ишлаётганлиги маълум бўлди.

– Тадбиркорлик фаолиятини бошлаганимга кўп бўлгани йўқ, – дейди М.Нажмиддинова. – Рўйхатдан ўтиш тартиби ҳамда солиқ тўловлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасдим. Солиқ идоралари ходимлари томонидан ўтказилган профилактик суҳбат жараёнида ноқонуний тадбиркорликнинг салбий оқибатлари ҳамда қонуний тадбиркорликнинг афзалликлари ҳақида маълумот беришди. Шундан сўнг фаолиятимни қонунийлаштирдим. Энди хотиржам ҳолда фаолиятимни кенгайтираман.

Профилактик тадбирлар жараёнида тадбиркорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш ўрнига, инсон соғлиги учун зарар етказадиган маҳсулотларни ноқонуний равишда савдога қўйишга уринаётган шахслар ҳам учрамоқда.

Хусусан, Учтепа тумани, Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида жойлашган омборхонада фуқаро Р.Сафаров жами 20 турдаги умумий қиймати 83 млн. 676 минг сўмлик ёғ маҳсулотларини сотиш мақсадида сақлаётганлиги аниқланди.

“Уддабурон тадбиркор” тадбир давомида маҳсулотнинг сифат сертификати ҳамда тегишли ҳужжатларини тақдим эта олмади ва товарлар вақтинча олиб қўйилди. Ҳозирда мазкур ёғларнинг истеъмолга яроқлилиги ва фуқаронинг қўлига қандай йўллар билан етиб келгани ўрганилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида 122 та ҳолатда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахслар аниқланиб, улар томонидан савдога чиқарилган сифат сертификати ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган жами 1,8 млрд. сўмлик товарларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.

Ширинликлар болажонларнинг жону дили. Болажон халқимиз уларни хурсанд қилиш учун бозорга тушса ҳам ёки ишдан қайтишда дўконга кириб ўтса ҳам албатта фарзанди учун ширинлик харид қилади. Шу боис, болаларга мўлжалланган егуликларнинг бозори чаққон десак муболаға бўлмайди. Аммо орамизда шундай инсонлар ҳам борки, ўз нафси йўлида болажон халқлигимиздан ҳам фойдаланишдан тап тортмайди.

Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар жараёнида Учтепа тумани, “Ўрикзор” даҳаси, Зарафшон кўчаси, 2-А уйда жойлашган омборхонада фуқаро М.Умаров хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатсиз ширинлик маҳсулотларини сотиш учун сақлаётганлиги аниқланди.

Тадбир жараёнида омборхона кўздан кечирилганда, 9 турдаги умумий қиймати 21 млн. 219 минг сўмлик сифат сертификатига эга бўлмаган қандолат маҳсулоти борлиги маълум бўлди. Фуқаро М.Умаровдан мазкур маҳсулотларнинг кирим ҳужжатлари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномалар сўралганида сукут сақлашдан нарига ўтмади.

Дунёда ҳамма нарсани пул билан ўлчаш ҳам инсонийлик фазилатларига зид аслида. Айниқса, бу ҳолат келажагимиз эгалари бўлган навқирон авлод вакиллари, фарзандларимиз саломатлигига дахлдор бўлса. Хулоса эса ўзингиздан!



Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими


1 078