Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.01.2018 17:39 Чоп этиш версияси

Президентимизнинг Сурхондарёга ташрифи вилоят аҳлининг кайфиятини кўтариб юборди

Президентимиз ўтган йилнинг февраль ойида Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишган ва аҳоли билан мулоқот қилган эди. Давлатимиз раҳбарининг орадан қарийб бир йил ўтиб, вилоятга яна келиши одамларнинг кайфиятини кўтариб юборди.

Ўтган йили ҳудудда оламшумул ўзгариш ва янгиланишлар рўй берди. Янгидан қурилиб ишга туширилган саноат корхоналари, сервис ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳудуднинг иқтисодий қувватини, экспорт салоҳиятини юксалтириш билан бирга, аҳолининг бандлик масаласини, турмуш даражасини оширди. Термиз шаҳрида етти қаватли бешта замонавий турар жой биноси, қишлоқ массивларида мингдан ортиқ якка тартибдаги ва икки қаватли уйлар барпо этилгани, айниқса, уй-жойга муҳтож оилалар, имконияти чекланган шахсларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётир.

– Президентимиз ўтган йили вилоятимизга ташрифи чоғида арзон ва ихчам уй-жойлар қуриб, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга имтиёзли кредит асосида бериш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар топширганини эшитиб, роса суюнган эдик, – дейди Узун туманида яшовчи I гуруҳ ногирони Сафарали Исаев. – Ўшанда бизга ҳам ана шундай уй насиб этармикан, деб ўйлаган эдим. Чунки, оила қурганимга 10 йил бўляпти, икки қиз, бир ўғлим бор. Шунча йилдан буён ижарада яшаймиз. Уй қуришга қурбимиз, кучимиз етмасди. Ўша топшириқлар айнан бизнинг ҳаётимиз яхшиланиши учун берилган экан. Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Янги йил арафасида туманимизда қурилган уч хонали арзон уйлардан бирига кўчиб ўтдик. Икки сотих ер майдони ҳам бор. Барча шароитлар муҳайё этилган. Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи бундай эзгу ишлар кўламини янада кенгайтиришига ишонаман.

Таълим ва тиббиёт муассасаларини ривожлантириш, кенг, равон йўллар барпо этиш, аҳолини табиий газ, электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашга эътибор кучайтирилиб, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилгани одамларда эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлади. Хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 56 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, 216 мингдан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Қиймати 48 миллиард сўм бўлган Хўжамайхона шифобахш суви билан Бойсун тумани аҳолисини таъминлаш лойиҳаси доирасида 15 миллиард сўмлик иш бажарилди. Келгуси йил бу лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши тоғли тумандаги 54 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлайди. Хўжаипок сув таъминоти корхонасида олиб борилган реконструкция ишлари Қумқўрғон ва Қизириқ туманлари аҳолисининг тоза ичимлик сувига эҳтиёжини янада яхшилади. Энди Тўпаланг – Термиз сув қувурини тортиш бўйича йирик лойиҳа тайёрланмоқда. Вилоятдаги 483 километр ички йўлни таъмирлашга 171 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ сарфланди.

– Қувурлар эскириб қолгани боис кўп йиллардан буён ичимлик сувимиз таъми ўзгарган, боз устига айрим хонадонларга сув чиқмай қолган эди, – дейди Термиз шаҳридаги Темирйўлчи маҳалласида яшаётган Пардахол момо Саидова. – Ўтган йили ана шу эскилари янги полиэтилен қувурларга алмаштирилгач, барчага бирдек тақсимланиб, бундан 25-30 йил аввал истеъмол қилган сувимизнинг ширин таъми кела бошлади. Шу кунларда эса ўнқир-чўнқир бўлиб қолган йўлимизга асфальт ётқазилмоқда. Бундай эътибордан кўнглимиз тоғ. Бу ғамхўрликларнинг қадрига етиш керак. Биз, кексалар невараларимизни шундай обод, тўкин Ватанга муносиб соғлом ва чуқур билимли авлодлар этиб тарбиялашимиз лозим.

Президентимиз ўтган йилги ташрифи чоғида тиббиёт ва таълим соҳаларидаги қатор лойиҳалар билан танишиб, уларни янада такомиллаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди. Шунга мувофиқ, 42 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига 18 тиббиёт муассасаси тубдан реконструкция қилинди, 9 хусусий тиббиёт муассасасини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш учун 1 миллион доллар миқдоридаги кредит маблағи ажратилди. Термиз шаҳрида барча қулайликларга эга бўладиган замонавий перинатал ва урология марказларини бунёд этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. 48 таълим муассасасини таъмирлаш, реконструкция қилиш учун 41 миллиард, 26 мактабгача таълим муассасасида 22 миллиард сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Вилоят марказида достончилик ва бахшичилик мактаби барпо этилди. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиаллари ташкил этилгани вилоятни етук, юқори салоҳиятга эга ёш мутахассислар билан таъминлаш даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.

– Президентимизнинг ташрифи вилоятга барака олиб келишига ишонамиз, – дейди Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов. – Бу бир пайтлар аграр ҳудуд бўлган воҳа иқтисодиётини янада юксалтириш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, иш ўринлари яратилади. Одамларнинг турмуш даражаси юксалади. Бундай оламшумул ишлар вилоятдаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига ҳам руҳий қувват бағишлаб, уларни янги-янги инновацион ғоялар атрофида бирлашишга, юрт учун етук малакали мутахассислар тайёрлашда таълим самарадорлигини оширишга даъват этаётир.

Пахта етиштиришда кластер усулини жорий этиш, тарихий обидалар ва буюк аждодларимиз мангу қўним топган қадамжоларни таъмирлаш, ободонлаштириш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларга қарши курашиш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлаш каби йўналишларда юз берган бетимсол янгиланишлар ҳам одамларнинг кайфиятини кўтармоқда. Фермер ва тадбиркорлар қалбида бунёдкорлик, яратувчанлик туйғуси, Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳиссини кучайтираётир.

Ташриф давом этаётган айни дамларда вилоят марказида Сариосиё туманидаги “Шажараи Баракат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нарзулла Абдуллаев билан ҳам суҳбатлашиб қолдик.

– Бугун жуда хурсандман, – дейди Нарзулла ака. – Қўшни давлатдаги ҳамкорларимизга 250 минг доллар қийматидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартнома имзолаганимиз кайфиятимни ҳар қачонгидан кўтариб юборди. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили берган йўл-йўриқлари асосида вилоятимизда ғалла ҳосилидан бўшаган майдонларга мош, ерёнғоқ ва бошқа такрорий экинлар экилиб, мўл ҳосил олинди. Ҳосилнинг эҳтиёждан ортган қисмини хорижга экспорт қилиш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани айни муддао бўлмоқда. Биз ҳам маҳсулотларимизнинг ички бозордан ортганини чет давлатларга экспорт қилмоқчи эдик. Президентимизнинг қадамлари ёқиб, бугун ана шу режамиз амалга ошадиган бўлди. Хорижлик ҳамкорларимиз билан келишувга эришдик. Энди маҳсулотимизни юклашга киришамиз. Буларнинг барчаси мамлакатимизда аҳолининг тинч, фаровон ва тўкин ҳаётини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгилангани, инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ эканининг амалий самараларидир.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
14 947