ЎзА Ўзбек

23.01.2020 Чоп этиш версияси

Президентимизнинг парламентдаги нутқлари зийракликка, холисликка ва одилликка чорлов


8609662c-08c1-4daa-aa40-d44b01e8ef12.jpg
Турли замон ва маконларнинг ҳам ўзига яраша катта-кичик муаммолари бўлади. Уни ечиш, жавоб излаш учун етук салоҳиятга, ақлу идрок ва тажрибага эга бўлган лидерлар зарур, албатта. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари ана шундай интеллектуал жамоа бўлишига ишонч ҳосил қилишимиз албатта, натижаларга боғлиқ.

Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи йиғилишларида келажакда қандай иш тутиш, қандай бўлишимиз борасида ибратомуз фикрларини кескин танқид ва ҳақиқатга амал қилган ҳолда айтди. Бу аслида, мамлакатимиз равнақи ва халқимизнинг фаровонлиги, олдимизда турган улуғ мақсадларнинг рўёби билан дахлдор масала.

Авлодлар қалбига аждодлар табиатига хос қадрулабад туйғуларни сингдириш муаммога ечим бўлишини Президентимиз чуқур ҳис этади. Ватан туйғуси, оила қайғуси фаолиятда бўлган, фуқаролик бурчини англаган, юрт қисматига дахлдорлик ҳисси бор бўлган инсонларга хос. Президент Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида ўзлигимизга, теран тарихимизга ҳаракатимизга доир жиддий муаммолар ҳақида ҳам сўз юритди: “Бобур 12 минг кишилик аскарлари билан 100 минг кишилик қўшинни қандай қилиб енгган? Шунчаки бундай ғалаба қилиб бўлмасди, аскарларнинг ватанпарварлиги юқори бўлган. Бугун қуйи палатада ҳам Бобурни эсладим, охирги пайтлар аждодларимизнинг тарихи ҳақида кўп ўқияпман“.

Ўз тарихимизни, ўзлигимизни билдириш ўрнига собиқ иттифоқ пайтида таълим тизимида бизга миллий маънавиятимиздан узоқ бўлган таълим берилгани борасида куюнчаклик билан сўзлади: “Бизга эса совет даврида Пушкин, Лермонтовнинг боболарининг хоки қаерда тўкилганини ўқитганлар, холос. Алишер Навоий ёки Бобурларни ўқитишмаган“.

Буюк нотиқ Марк Туллий Цицерон “Инсон эркин бўлиши керак, эркин бўлиши учун у қонуннинг қули бўлиши керак“ деб ёзганди. Бунда қонунни муқаддас тутиш, унга ҳурмат ва албатта, сўзсиз ижро этиш талаби борлигини, демократик тамойиллар мавжудлигини сезиш қийин эмас. Қонун олдида ҳамма баб-баравар тенг экан, масъуллар, яъни қонунни ишлаб чиқарувчи ва маъқулловчи тизимлар эса икки баравар жавобгар бўлиши тақозо этилади. Шундай масалалар, вазифалар борки, бунга халқимизнинг эгилган бошни қилич кесмайди, деган нақлини рўкач қилиб бўлмайди.

Кечириш ва кечирмаслик она юртимиз ва халқимиз розилиги, фаровонлиги билан боғлиқ экан, бу ўта жиддий масала. Бу қатъийликни, принципиалликни тақозо этишини Президент ўз нутқида аниқ ва кескин ифода этди. “Энди кечирим билан иш битмайди, қонун олдида жавоб бериш керак“. Мана, бошқарув тизими ҳамда раҳбарлик фаолиятининг бош мезони. Чунки, ҳамма нарсага чидаши мумкин бўлган, лекин адолатсизликка чидай олмайдиган халқимизнинг орзу-истаги, розилиги ҳам ана шу талаб ва ижро билан боғлиқ, аслида. Халқнинг норозилигига, баъзан сарсон-саргардон бўлишига сабаб бўлувчи иллат бу порахўрлик экани ҳеч кимга сир эмас. Президент бу масалада ҳам жиддий ва амалий ҳаракатга ўтди. “Бош прокурорга учта йўналишда – қурилиш, тиббиёт ва олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича қаттиқ топшириқ берганман. Сенаторлар ҳам коррупцияга қарши курашишда жиддий назорат олиб бориши керак. Чунки коррупция халқнинг ғазабини келтиряпти“.

Ўзбекчиликда илтимосга рад жавобини бериш ноқулайдек туюлиши мумкин. Лекин бу ўз ҳаётимизни ва шахс сифатида ўзимизни ривожлантиришимизнинг ҳамда ўзимизни ҳурмат қилишимизнинг асосий белгиси эканини англаш зарур. Асосийси вақтида сукут сақлаш ёки рад этишни билиш ва амал қилиш ўша онда ноқулай бўлса ҳам, кейинчалик кенг имкониятлар эшигини очади. Иймоннинг озиғи, банданинг ёзиғи ҳам шу билан эмасми, асли. Кўпинча одамлар бизга таъсир ўтказишади, ҳар бир киши ўзига фойда келишини кўзлаб иш тутади. Бу эса одамни асосий мақсаддан чалғитади, узоқлаштиради. Бирон инсонга “йўқ“ деб жавоб бериш нормал ҳолат. Биз ҳеч кимга ҳеч нарсадан мажбур эмаслигимизни назарда тутсак, шунинг ўзи кифоя. Шундагина коррупциянинг олдини олган бўламиз.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги нохуш ҳолатлар ва 65 фоиз ўқитувчининг аттестациядан ўта олмагани ачинарли ҳолат. Чунки, чуқур замонавий билимга эга бўлмаган, коммуникатив компетенцияга, талабаларни фанга, соҳасига қизиқтира олмаган, нутқий маҳорати бўлмаган ўқитувчидан нима кутиш мумкин? Тарбияланган одам тарбия берганидек, таълим олгангина таълим бера олиши айни ҳақиқат-ку! Ўз устида, сўз устида ишлашдан кўра пул ишлаш усуллари ҳақида бош қотирадиган педагогнинг иймони бут бўлармикан.

“Тасаввур қиляпсизми буни? Коррупцияга ботиб кетган, бечора талабалар шунча йил қанақа қилиб чидаб ўқиган, ҳайронман“. Президентнинг бу эътирози аксарият таълим муассасаларида ўқув ва тарбия тизимининг қай аҳволга ташлаб қўйилгани ҳақида тасаввур уйғотади. Дарҳақиқат, педагогларнинг коммуникатив компетенциясига қараб иш бермаслик, уларнинг лаёқати, ўз касбига қай даражада меҳри борлигини билмаслик, хизматига яраша рағбатлантирмаслик, бесамар мажлисбозлик, буйруқбозлик, қоғозбозлик, катталарнинг қош-қовоғига қараб иш тутиш каби ҳолатлар баъзи таълим муассасалари раҳбарлари фаолиятида мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Ҳар бир сергак инсон юртига, юртдошларга, Президентимизга эҳтироми бўлса, дўппини бир чеккага қўйиб, ўзининг иш юритиш тартиби ва таркиби ҳақида жиддий ўйлаб кўриши, тезликда самара берадиган амалий ишларга ўтиши керак. Бу давр талаби, ўзгараётган Ўзбекистоннинг тараққиёти тақозоси.

Президентимизнинг парламентдаги нутқлари зийракликка, холисликка ва одилликка чорлов ҳамда мамлакатимиз ривожига ғов бўлувчи иллатларга кескин, муросасиз курашга даъват руҳида бўлибгина қолмай, эндиликда халқ ишончини оқлашга жазм айлаган депутат ва сенаторларга ҳам масъулият ҳисси ва мажбурият бурчини жиддий англатгани рост.

Бу чорловнинг ёлқинли олови ва ялови эрта-индин Президентимизнинг Мурожаатномасида акс этиши, ёлқинланиши, порлаши аниқ.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини 
механизациялаш муҳандислари институти 
матбуот хизмати раҳбари.

3 512
ЎзА