Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 23:16 Чоп этиш версияси

Президентимизнинг бир йиллик фаолияти бўйича жамоатчилик фикри қандай?

Президентимизнинг бир йиллик фаолияти бўйича жамоатчилик фикри қандай? 2017 йил 4 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганига бир йил тўлди. Шу муносабат билан «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти тўғрисида» мавзуида ижтимоий сўров ўтказилди. Уни ўтказишдан мақсад аҳолининг давлатимиз раҳбарига бўлган ишонч даражасини аниқлаш, шунингдек, фуқароларнинг Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, сиёсий ва бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабатини ўрганишдан иборат бўлди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш жараёнида фуқароларимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши билан мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида янги босқич бошланди, дея фикр билдирган. Улар Президент раҳнамолигида жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида қисқа муддат ичида туб ўзгаришлар рўй берди, деб ҳисоблайди.

Сўровда мамлакатимизнинг барча минтақаларида истиқомат қилаётган 18 ёш ва ундан катта бўлган аҳоли, жумладан, турли ижтимоий қатламларга мансуб, кўплаб соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган турли миллат вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни ривожлантиришнинг янги Стратегиясини илгари сурар экан, "Стратегия – бу янгиланиш жараёнларининг ҳақиқий ҳаракатлар дастуридир. Бу ҳужжат ҳозирги вақтда ҳаётга изчил жорий этилмоқда. 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Бизнинг мақсадимиз – юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашдан иборат. Ишончимиз комил: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак", дея таъкидлаган эди.

Тадқиқот натижалари юртдошларимизнинг мутлақ аксарияти бугунги кунда ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётган Ҳаракатлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмоқда. Респондентларнинг фикрича, мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, замонавий таҳдид ва хатарларга муносиб жавоб бериш, ҳар бир фуқаро ва бутун жамият манфаатларини таъминлаш имконини берувчи муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳоли давлатимиз раҳбари томонидан барча йўналишларда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватламоқда.

Сўров иштирокчиларининг 90,2 фоизи Президентимиз сиёсати аҳолининг орзу-умидларини тўла рўёбга чиқараётганини билдирган. Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва 2017 йилда иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, тиббиёт, илм-фан ва таълим, ахборот-коммуникация технологиялари, саноат, суд-ҳуқуқ тизими, фермерлик ва тадбиркорликни модернизация қилиш, инвестициялар жалб қилиш бўйича эришилган натижалар юртдошларимиз ишончини мустаҳкамламоқда.

Олинган маълумотларга кўра, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликни камайтириш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаро, ҳар бир оиланинг муносиб ҳаёт кечириши учун қулай шароитлар яратиш бўйича салмоқли натижаларга эришилди, деб ҳисобламоқда. Сўров қатнашчилари ушбу йўналишда Президентимиз ташаббуси билан жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш ва аҳолининг долзарб муаммоларини тезкор ҳал этишга хизмат қилувчи очиқ мулоқот тизими – Халқ қабулхоналарининг жорий қилиниши муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаган.

Фуқароларнинг 90,7 фоизи давлатимиз раҳбари томонидан тинчлик, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган муваффақиятли ҳамда самарали ташқи сиёсат олиб борилмоқда, деган қатъий фикрда. Юртдошларимиз Президентимизнинг мамлакат манфаатларини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш, хорижий давлатлар билан ўзаро ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, қўшни давлатлар билан барча йўналишлардаги алоқаларни фаоллаштириш, яхши қўшничилик, дўстлик, шериклик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш, дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон имижини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган изчил ишларни қўллаб-қувватламоқда.

Сўров иштирокчиларининг 88,6 фоизи мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, аҳоли, хусусан, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, жумладан, имтиёзли кредитлар ва солиқ преференциялари тақдим этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини рағбатлантириш ҳамда кенгайтириш ҳисобидан оилавий тадбиркорлик ва касаначилик, ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган, деб ҳисоблайди.

Фуқароларнинг аксарияти (90,9 фоизи) сўров давомида шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш, замонавий бинолар, турар жой мажмуалари бунёд этиш, шифохоналарни реконструкция қилиш, янги замонавий тиббиёт марказлари, мактабгача таълим муассасалари ва спорт иншоотлари, бизнес марказлари, замонавий автомагистраллар ва инфратузилма объектлари, кўприклар қуриш, тарихий-меъморчилик ёдгорликларини асраб-авайлаш ва таъмирлаш борасида эришилган салмоқли ютуқларни қайд этган.

85,2 фоиз респондент сўнгги йилларда мамлакатимизда самарали ижтимоий ҳимоя амалга оширилмоқда, фуқаролар яшаш шароитлари яхшиланмоқда ва бандликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, деган фикрда. Сўров давомида фуқаролар аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг юқори самарадорлигини таъкидлаган.

Юртдошларимизнинг 86,3 фоизи ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини жорий қилиш, мактабгача таълимнинг янги тизимини ташкил қилиш, умумтаълим мактабларида 11 йиллик ўқитиш тизимини тиклаш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш таълим-тарбия жараёни самарадорлигини янада ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни чуқур билимга эга баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда, деб ҳисобламоқда.

Шу билан бир қаторда, сўров иштирокчилари томонидан фуқаролар ҳаёт даражасини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакатимизнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, мактабгача, ўрта ва олий таълим муассасалари фаолияти сифатини яхшилаш каби долзарб муаммоларни ҳал қилишга эътиборни кучайтириш зарурлиги ҳақида фикр билдирилган. Иқтисодиётни янада ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, соғлиқни сақлаш тизими муассасалари фаолияти сифати ва даражасини ошириш, тиббий суғурта тизимини ривожлантириш, ёшларнинг долзарб масалаларини ҳал этиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашни кучайтириш хусусида ҳам сўз юритилган.

Жамоатчилик фикри сўрови аҳолининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга бўлган юксак ишончи ҳамда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ҳаётга изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Олинган натижалар юртдошларимизнинг аксарияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқаролари орзу-умидларини тўла рўёбга чиқараётганига ва аҳолининг мутлақ қўллаб-қувватлашига эга раҳбар эканига қатъий ишонади. Мониторинг Президентимизга ишонч даражаси 2017 йил июль ойидаги 92,4 фоиздан жорий йилнинг октябрь ойида 93,1 фоизга ошганини кўрсатган.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, 2017 йил Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, замонавий хавф ва таҳдидларга муносиб жавоб қайтариш, мамлакат, жамият ва ҳар бир инсон манфаатларини таъминлаш имконини берган салмоқли иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар амалга оширилган.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини
ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди. 

Аблай Камолов, ЎзА
2 805






Все о погоде - Pogoda.uz