ЎзА Ўзбек

05.04.2018 10:02 Чоп этиш версияси

Президентимизнинг бағрикенглиги, кечиримлилиги туфайли икки ўғлим бугун оиласи бағрига қайтди

Самарқанд вилояти ҳокимлигида жорий йил 12 март куни қидирувдаги фуқароларнинг яқин қариндошлари иштирокида ўтказилган учрашувда махсус ҳисобга олинган ва айни пайтда хорижда юрган юртдошларимизни Ватанимизга қайтариш ҳақида сўз юритилган эди.

Ушбу тадбирда вилоят ҳокими, вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари адашганларнинг оила аъзоларига мурожаат қилиб, уларга нисбатан қамоқ жазоси қўлланилмаслиги ва юртимизга қайтиши мумкинлигини айтган эди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Ургут туманида туғилган ва ҳозирда қидирувда бўлган ака-ука Аслиддин ва Хуршид Эргашев ўз ихтиёри билан юртимизга, оиласи бағрига қайтди.

Самарқанд вилояти ҳокимлигида ўтказилган тадбирда ушбу икки фуқаро мисолида юртимизга қайтган, адашган фуқароларга енгиллик берилаётгани таъкидланди.

Кейинги бир йил давомида Самарқанд вилоятида ички ишлар идоралари махсус ҳисобига олинган 1 минг 749 нафар шахснинг 1 минг 625 нафари Президентимизнинг бағрикенглиги ва ғамхўрлиги туфайли махсус ҳисобдан чиқарилиб, уларга жамиятда ўз ўрнини топиши учун имконият берилди. Лекин айни пайтда махсус ҳисобда турган 122 нафар фуқаро хорижий давлатларда қолмоқда. Уларнинг 7 нафари юртимизга қайтиш истагини билдирган.

Йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар сўзга чиқиб, бугун турли мамлакатларда сарсон-саргардон бўлиб юрган адашган шахслар ўз хатти-ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатларини англаб, ихтиёрий равишда юртимизга қайтиб келсалар, уларга қонуний енгиллик берилиши, ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида давлат томонидан амалий кўмак берилишини таъкидлади.

– Президентимизнинг бағрикенглиги, кечиримлилиги туфайли икки ўғлим бугун оиласи бағрига қайтди, – дейди Ургут туманида яшовчи М.Ҳодиева. – Ўғилларим меҳнаткаш. Энди улар бу ишончни ҳалол меҳнати, Ватанга садоқати билан оқлашига ишонаман.

– Тўғри йўлдан адашиб, анча вақтни Ватанимиз, оиламиздан йироқда ўтказдик, – дейди А.Эргашев. – Бизга тўғри ҳаёт кечириш учун қайта имкон берилганидан мамнунмиз. Бундан тўғри хулоса чиқариб, келгусида ҳалол меҳнат қилиб, оиламиз бағрида ҳаёт кечирамиз. Бунинг учун Президентимиздан, қайтишимизга кўмак берган инсонлардан миннатдормиз.

Тадбир давомида турли диний оқимларга кириб, тақдири аянчли якунланган ва ўзга юртда хору зор бўлиб юрган кимсалар ҳақида ҳикоя қилувчи “Адашганлар” номли фильм намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
5 614