ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлаймиз

Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлаймиз
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга йўллаган табригида “Азиз ўғил-қизларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда. Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!”, деган фикрларни билдирди.

Бу биз ёшларга яна бир бор куч ва ишонч бағишлади, десам хато бўлмайди. Асл мақсадимиз ҳам Президентимизнинг, халқимизнинг ишончини оқлашдир.

Бунинг учун бизга барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Айниқса, тадбиркорлик қилмоқчи бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилгани минглаб ёшларни шу мақсадга йўналтирди.

Бугунги кунда самарали ишлаётган 227 мингга яқин ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Биргина «Ёшлар – келажагимиз» дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 7 минг 775 та бизнес лойиҳасига 1 триллион 635 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағи ажратилиб, шу асосда 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилган.

Мана шундай имкониятлар туфайли мен ҳам тадбиркорликни бошлаганман. Имтиёзли кредит асосида Наманган вилояти Поп туманида деҳқон бозори ва савдо мажмуаси бунёд қилдик.

Давлатимиз раҳбарининг замонавий деҳқон бозорлари бунёд этишга қаратилган қарори ижроси доирасида амалга оширилган ушбу лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида юзлаб янги иш ўринлари яратилди.

Мажмуада деҳқонлар учун, тадбиркорлар учун барча шароит яратилиши билан бир қаторда меҳмонхона, давлат хизматлари туман маркази ҳам жойлашган. Аҳолига зарур хизматларнинг бир жойга жамлангани катта қулайлик яратди.

Пандемия шароитида аҳолига яхши бўлиши учун энг мақбул нархларни жорий этдик. Эҳтиёжманд оилаларни аниқлаб, уларга зарур маҳсулотлар етказиб беришни йўлга қўйдик.

Қувонарлиси, бу каби ишларимиз эътибордан четда қолмади.

Ўтган ҳафтада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда хайрли ишларимиз эътироф этилди.

Тадбиркорлик фаолиятимни янада кенгайтириш учун, яъни Поп шаҳри марказида замонавий уй-жой қуриш бўйича лойиҳамни амалга ошириш учун зарур ёрдам кўрсатилиши айтилди.

Бундай юксак эътироф ва ишонч менга жуда катта куч бағишлади.

Президентимиз, халқимизнинг ишончини оқлаш йўлида бор куч-ғайратимиз билан олға интиламиз ва мақсадимизга албатта эришамиз.

Сардор Раҳмонов,
тадбиркор.

3 051
ЎзА