Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.06.2018 18:03 Чоп этиш версияси

Президентимиз руҳий касалликлар шифохонасини бориб кўрди

Президентимиз руҳий касалликлар шифохонасини бориб кўрди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. 

касалхона2.jpg

Ушбу шифохона 1896 йилда қурилган. Клиниканинг умумий ер майдони 13,6 гектар. Бу ерда касалликлар тури, даволаш усуллари, беморлар ҳолатига ихтисослашган 18 бўлим ташкил этилган. Клиник-биокимё лабораторияси, рентген, УТТ, энцефалография, экспертиза хоналари зарур восита ва малакали мутахассислар билан таъминланган. Шифохона Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг руҳий касалликлар кафедралари учун клиник база ҳисобланади. 2015-2016 йилларда 4 янги бино фойдаланишга топширилган. Узоқ йиллар таъмирлаш ишлари олиб борилмагани учун шифохонадаги бошқа бинолар ачинарли ҳолатга келиб қолган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили 26 июнда Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида бўлиб, биноларни қуриш ва таъмирлаш, беморларнинг шароитларини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берган эди. 

Ўтган давр мобайнида бу ерда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 60, 80, 120 ўринга мўлжалланган янги бинолар, 1400 ўринли ошхона биноси фойдаланишга топширилди. 30 ўринли кафеторий ва Маслаҳат бўлими реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. Тоза ва шинам палаталар, беморлар билан индивидуал ишлаш учун хоналар ташкил этилди, замонавий ташхис ускуналари ўрнатилди, ҳудуд ободонлаштирилди. Клиникага яқин ҳуддудда ҳар бири 42 тадан хонадонга мўлжалланган иккита кўп қаватли уй қурилмоқда. Уйлар ушбу клиникада хизмат қиладиган шифокорларга имтиёзли ипотека кредитлари асосида берилади.

касалхона1.jpg

Бу ушбу йўналишдаги катта ишларнинг бошланиши. Бинолар қурилди. Энди илм керак, деди Шавкат Мирзиёев. Кассалликнинг реабилитацияси ва методикасини ўрганиш керак. 

касалхона3.jpg

Мазкур янги клиникани республикамизнинг шу ихтисосликдаги шифохоналари учун таянч муассасага айлантириш, руҳий касалликларнинг олдини олиш ва бошланғич босқичдаёқ даволаш амалиётини ривожлантириш, бу борада чет элдаги илмий-тиббий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, руҳшунос мутахассислар тайёрлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг иккинчи босқичини ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича топшириқлар берилди.


Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА
4 259