Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 19:05 Чоп этиш версияси

Президент совғаси – хизмат автомашиналари топширилди

Термизда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти шаҳар ва туманлар кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – хизмат автомашиналарини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари нуфузини юксалтириш, ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар жойларда тинчлик-осойишталик ва аҳолининг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллик байрами арафасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти шаҳар ва туманлар кенгашларига Президентимиз номидан хизмат автомашиналари совға қилингани соҳага қаратилаётган юксак эътибор ифодаси бўлди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдулҳаким Эшмуродов. – Вилоятда 717 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва халқ билан яқинлаштиришда шаҳар, туман кенгашларининг алоҳида ўрни бор. Маҳаллаларда кўп миллатли халқимизнинг осойишта ва обод ҳаётини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини янада ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлик тизимини мустаҳкамлаш ва бошқа ижтимоий-маънавий масалаларда олиб борилаётган ишлар бунга яққол мисолдир.

Тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Термиз шаҳар ва 13 туман кенгашига Президент совғаси – хизмат автомашиналарининг калити топширилди.

– Туманимизда 48 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Шеробод тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Олтибой Остонақулов. – Ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда фуқаролар йиғинлари зиммасига масъулиятли вазифалар юкланган. Олис ва тоғли маҳаллаларда ҳам фуқаролар дуч келаётган муаммоларнинг ечимини топиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, одамларнинг тинч, хотиржам ҳаётини таъминлаш борасидаги ишлар кўлами кенгайиб бораётир. Давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар туфайли йилнинг ўтган даврида 12 маҳаллада умуман жиноят содир этилмади. Давлатимиз раҳбари совға қилган хизмат автомашинаси бизнинг ҳудудлардаги халқ, айниқса, тоғли ва чекка маҳаллалардаги аҳолига янада яқинлашишимизда муҳим аҳамият касб этади. Ишимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Р.Комилов, О.Муродов, Қ.Қуронбоев, Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ш.Жавлонов  ва Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 049






Все о погоде - Pogoda.uz