Президент маслаҳатчиси: Соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциядан ҳоли бўлиши учун шаффоф тизим яратилиши керак
Комиссия йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб коррупцявий ҳолатларга йўл қўйилаётгани, бунда тизимнинг замон талаблари даражасида фаолият кўрсатмаётгани тилга олинди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ҳам иштирок этди ва ўз мулоҳазаларини билдирди.
Комиссия йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб коррупцявий ҳолатларга йўл қўйилаётгани, бунда тизимнинг замон талаблари даражасида фаолият кўрсатмаётгани тилга олинди.
Бюджет маблағларининг сарфланиши, ўзаро ҳисоб-китоб, пулли хизмат кўрсатиш жараёнидаги тизимли камчилик ва нуқсонлар соҳадаги асосий коррупциявий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Бош прокурор Н.Йўлдошев давлат молиявий назорат департаменти томонидан сўнгги икки йилда текширилган 1 минг 591 тиббий муассасанинг 82 фоизида молиявий қонунбузарликлар аниқланганини маълум қилди. Фақат жиноят ишлари бўйича қарийб 92 миллиард сўм бюджет ва бошқа маблағлар талон-торож қилинган.
Масалан, Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси Р. ҳисобчи К. ва ғазначи М. билан жиноий тил бириктириб, меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган, яъни амалда ишламаган 98 нафар шахсга сохта маълумотлар асосида 419 миллион сўм иш ҳақини ҳисоблаб,талон-торож қилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан аниқланаётган молиявий қонунбузарликлар ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Жумладан, мазкур хизмат томонидан 2018 йилда 8,2 миллиард сўм сарфланишида молиявий қонун бузилишлар аниқланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 3 баробарга ортиб,26,7 миллиард сўмни ташкил қилган.
Соҳанинг ўзини-ўзи молиялаштиришнинг ягона манбаи – пуллик тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмаган, оқибатда эса интизом ва тартиб
бўшашиб кетган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология маркази айрим мансабдор шахслари банк ходимлари, жами 12 нафар шахслар билан жиноий тил бириктириб, 15,3 миллиард сўмни ўзлаштирганликлари аниқланган.
Пуллик хизматдан тушган 13,2 миллиард сўм банкка топширилмасдан, 1,1 миллиард сўм эса ходимларнинг иш ҳақлари ғазнадан очиқдан-очиқ ўзлаштирилган.
Бу ҳам етмаганидек, амалда кўрсатилмаган хизматлар ҳамда етказиб берилмаган жиҳозлар учун 636 миллион сўм ўтказилиб, сув ва ҳаводек зарур маблағ талон-торож қилинган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 5 нафар масъул мансабдор шахслар қамоққа олинди.
Йиғилишда бу каби аянчли ҳолатлар кескин танқид қилиниши баробарида соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарлари бошқа масъуллардан бу ҳолга муносабат ҳам сўралди. Аммо улардан қониқарли жавоб олинмади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ушбу ҳолатларга ўз муносабатини билдирар экан, соҳада содир бўлаётган ҳолатларнинг барчаси шаффоф тизимнинг йўлга қўйилмаганида эканини қайд этди. Бундан буён соғлиқни сақлаш соҳасида барча хизматларни кўрсатиш электронлаштирилиши зарурлиги, бу эса коррупциявий ҳолатларга барҳам беришини таъкидлади. Бу борада Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси тажрибасидан фойдаланиш, ушбу тизимлар раҳбарлари бу борада зарур кўмак кўрсатиши лозимлиги айтиб ўтилди.