ЎзА Ўзбек

18.07.2019 20:38 Чоп этиш версияси

Президент мактабларига асосий қабул имтиҳонлари олдинда

Президент мактабларига асосий қабул имтиҳонлари олдинда

Наманган, Нукус, Хива ва Тошкент шаҳарларида Президент мактабларига асосий қабул имтиҳонлари 21-24 июль кунлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида бу жараёнга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

“Cambridge Assessment International Education” (Буюк Британия) ташкилоти 29 июндан 2 июлга қадар Президент мактабларига саралаш имтиҳонларини ўтказган эди. Бу саралаш имтиҳонларида 28 минг 452 нафар номзод руйхатдан утди. Уларнинг 27 минг 471 нафарига асосий имтиҳонда иштирок этиш учун рухсат берилди. 981 ўқувчи ҳужжатдаги камчиликлари туфайли имтиҳон топширишга тавсия этилмади.

“Cambridge Assessment International Education” (Буюк Британия) ташкилоти 16 июль куни саралаш босқичи жараёнларини ўз веб-сайтида эълон қилди.

Саралаш имтиҳонлари натижаларига кўра, бир хил балл тўплаш ҳолати юзага келганда, яъни бир нечта номзод бир хил умумий балл тўплаган вазиятда имконият “С“ тоифасидаги саволларга кўпроқ балл йиққанларга, кейин эса “Б“ тоифасидаги саволларга кўпроқ балл тўплаганларга берилди. Номзодлар барча тоифадаги саволлар бўйича бир хил умумий ва тенг балл тўплаган ҳолатда улар туғилган санаси бўйича сараланди. Бунда ёшроқ номзод афзал кўрилди.

Саралаш имтиҳони натижасига кўра, 11 минг 520 ўқувчи 21-24 июль кунлари Наманган, Нукус, Хива, Тошкент шаҳарларида ташкил этиладиган Президент мактабларининг асосий қабул имтиҳонларида қатнашади. Бу имтиҳонлар ҳам “Cambridge Assessment International Education” ташкилоти томонидан ташкил этилади.

Имтиҳон жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида саралаш босқичида бўлганидек, имтиҳон ўтадиган жойларда номзодларнинг ота-оналари ва яқинлари учун кузатув мониторларида онлайн трансляция олиб борилади. Имтиҳонларнинг асосий босқичи ахборотни таҳлил этиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича (16 та масала), мантиқ элементлари бўлган математика (24 та масала) ҳамда инглиз тили (55 та тест саволи) фанларидан иборат бўлади.

Ўқувчи баллининг асосий қисмини (80 фоизини) танқидий фикрлаш ва мантиқий билимни талаб этувчи топшириқларни бажариш орқали йиғиши мумкин. Балларнинг фақат 20 фоизигина инглиз тили фанига тўғри келади. Номзодлар истагига кўра, имтиҳон саволлари инглиз ёки ўзбек тилида берилиши мумкин.

Юқори синф ўқувчилари учун инглиз тилининг аҳамияти қарийб 40 фоиздан зиёд бўлиши кутилмоқда. Сабаби улар келгусида хорижлик ўқитувчилар ўтадиган STEAM – фанларни ўрганиш учун етарли салоҳиятга эга бўлиши зарур.

“Cambridge Assessment International Education” ташкилоти қарорига кўра, номзодлар ва уларнинг ота-оналари имтиҳон натижалари юзасидан апелляцияга бериш ҳамда имтиҳон ишларини текшириш ҳуқуқига эга эмас.

Тенг натижалар юзага келган ҳолларда, яъни бир нечта номзод бир хил умумий балл тўплаган вазиятда (“Инглиз тилидан тест“, “Муаммони ечиш ва танқидий фикрлаш тести“ билан биргаликда), қуйидаги тартибда ҳар бир фан бўйича энг юқори балл тўплаган номзод танлаб олинади:

1. “Муаммони ечиш“ таркиби бўйича балл

2. “Танқидий фикрлаш“ таркиби бўйича балл

3. “Инглиз тилида ўқиш“ таркиби бўйича балл

4. “Инглиз тилида тинглаш“ таркиби бўйича балл

5. Туғилган санаси бўйича ( ёшроқ номзод танланади)

Ўқишга кирган талабгор Президент мактабида ўқишни рад этса ёки биринчи чорак давомида ўқишни тарк этса, рўйхатдаги энг юқори балл тўплаган, лекин ўқишга кира олмаган номзод бўшаган ўринга таклиф этилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, асосий имтиҳонлар натижасига кўра, ҳар бир синфга 24 ўқувчи қабул қилинади. Яъни, ҳар бир мактабнинг 5-10-синфларига 144 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади.

Шу билан бирга ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги имтиҳон натижаларига кўра, Президент мактабига қабул қилинмаган бир гуруҳ ўқувчиларни ихтисослашган мактабларга имтиҳонсиз қабул қилишни режалаштирмоқда. Бу эса ёшларнинг янада пухта билим олиши учун қўшимча имконият яратади.

Н.УСМОНОВА, ЎзА
4 093