Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2018 19:41 Чоп этиш версияси

Пойтахтнинг энг яхши маҳаллалари номи эълон қилинди

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Халқ таълими, Маданият вазирликлари ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Маҳалла – менинг тақдиримда» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

“Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остидаги ушбу танловнинг туман босқичида сараланган 11 жамоа маҳалла ҳаёти, тарихи, миллий ғоя, маънавият асослари ва бошқа тушунчалар доирасида ўз билим ва кўникмасини намойиш этди.

“Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танлови уч босқичли тизимда ўтказилиб, унда умумтаълим мактабларининг юқори синфлари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Танловнинг маҳаллалараро саралаш босқичи 493 фуқаролар йиғини жамоалари ўртасида ўтказилди. Унда уч мингдан ортиқ ёш қатнашди. Танловнинг туман босқичида эса пойтахтимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг 93 жамоаси билимларини синовдан ўтказди.

Танлов натижаларига кўра, Олмазор туманидаги «Умид» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Умидимиз юлдузлари» жамоаси биринчи, Яшнобод туманидаги «Кўксарой» маҳалла фуқаролар йиғинининг «Истиқлол» жамоаси иккинчи, Юнусобод туманидаги Увайсий номли маҳалла фуқаролар йиғинининг «Келажак бунёдкори» жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
9 511