Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 19:15 Чоп этиш версияси

Пойтахтимиздаги “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди

Ярмарка Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман солиқ инспекцияси ҳамда ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, вақтинча ишсиз шахсларни касб ва малакалари бўйича иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда банклар, тиббиёт муассасалари, савдо тармоқлари, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва бошқа иш берувчи субъектлар 1 минг 200 бўш иш ўрни билан қатнашди. Иштирокчиларга бўш иш ўринлари, меҳнат қонунчилиги, тадбиркорликка йўналтирилган имтиёзли кредитлар тўғрисида маълумот берилди.

– Ярмаркада 20 иш ўрни таклиф қилдик, – дейди трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Elegant garment textile” қўшма корхонаси вакили Нозима Хўжаева. – Корхонамизда айни пайтда 400 га яқин киши меҳнат қилади. Маҳаллий хомашёдан тайёрланадиган маҳсулотларимизга ички ва ташқи бозорда талаб катта. Шу сабаб иш ўринларини янада кенгайтириш чораларини кўраяпмиз.

Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан олий ва ўрта махсус ўқув юртлари битирувчилари, вақтинча ишсиз фуқароларни ўзларига мақбул келадиган иш билан таъминлаш, ишга жойлаштириш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича хизматлар кўрсатилди. Шунингдек, тижорат банклари ва солиқ органлари вакиллари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларга микрокредитлар олиш ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиш масалалари атрофлича тушунтирилди.

Даврон Суннатов, ЎзА
1 360






Все о погоде - Pogoda.uz