Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.01.2018 11:28 Чоп этиш версияси

Пойтахтимиздаги 750 мингдан зиёд оиланинг аҳволи нима мақсадда ўрганилди?

Пойтахтимизда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгашининг 2017 йил фаолияти якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ўтган даврда беш юздан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари – ёшлар масалалари ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилар лавозимга тайинлангани қайд этилди. Маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш мақсадида 754 минг 292 оила ўрганилди. Ўрганиш давомида 16 минг 470 фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилиб, 2 минг 249 нафар фуқаро иш билан таъминланди, 936 оилада турли тушунмовчиликларнинг олди олинди. 526 оилага моддий ёрдам кўрсатилди, 634 нафар ёшлар ўқишга жалб этилди, эрта никоҳ ҳолатларига барҳам берилди.

Фуқаролар йиғинларининг Яраштириш комиссияси саъй-ҳаракати билан 35 мингдан зиёд оилалардаги ажралишнинг олди олинди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғлиғини тиклаш ва якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган 550 нафар фуқаро учун жами 220 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

88 фуқаролар йиғинлари замонавий мебель жиҳозлари ва компьютер жамланмаси билан таъминланди. 12 маҳалла фуқаролар йиғини бинолари таъмирланди ва реконструкция қилинди, Бектемир туманидаги “Миришкор”, Миробод туманидаги “Темирйўлчи” маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бинолар қурилди. Шунингдек, ҳомийлар томонидан 31 намунавий лойиҳа асосида замонавий ва хавфсиз болалар майдончалари ҳамда 54 "Гўзалик салони" қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
2 496