Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.09.2017 16:39 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" танловининг республика босқичи бўлиб ўтди

2006 йилдан буён ўтказилиб келинаётган ушбу танловда иштирок этиш истагини билдирган ўқитувчи ва мураббийларнинг сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Кўп йиллик иш тажрибасига эга педагоглар билан бирга ёш ўқитувчилар ҳам танловда қатнашиб, билим ва маҳоратини кўрикдан ўтказаётир.

Ўтган йиллар мобайнида танлов ғолиби бўлган ўқитувчилар ўз иш жойларида ҳудудий малака ошириш институтларининг тингловчилари ва фан ўқитувчилари учун очиқ дарслар ўтказмоқда. Уларнинг иш тажрибалари мамлакатимиз миқёсида оммалаштирилмоқда.

Жорий йилнинг 1-6 май кунлари кимё, физика, тарих, математика, информатика, рус тили ва адабиёти, миллий истиқлол ғояси, чет тили ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловининг республика босқичи ўтказилиб, ғолиблар аниқланган эди. 13-15 сентябрда эса бошланғич таълим, она тили ва адабиёт, ўзбек тили, география, биология фанларидан танловнинг республика босқичида 68 нафар педагог ўз билим ва тажрибасини синовдан ўтказди.

Танлов жорий йилда янгича кўринишда – замонавий ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда ташкил қилинди. Ўқитувчиларнинг тегишли фан бўйича касб билимини баҳолаш мақсадида танловнинг туман, шаҳар босқичларида онлайн тест синовлари ўтказилди. Унда 16 та фан бўйича 260 мингдан ортиқ ўқитувчи иштирок этди.

– Бу йилги танлов учун махсус электрон дастур тайёрланиб, тест жараёнларини ташкил этиш ва натижаларини умумлаштириш имконияти яратилди, – дейди Республика таълим маркази бўлим бошлиғи Ўғилой Юсупова. – Бу танлов жараёнларининг очиқлигини таъминлаш билан бирга, уни марказлашган ҳолда бошқариб бориш, ўқитувчилар билим савиясини ҳудудлар ҳамда фанлар бўйича таҳлил қилиш имконини берди.

Танловнинг республика босқичида ўқитувчилар 4 шарт асосида баҳслашди. Биринчи шартда иштирокчи ўз фани бўйича 50 та тест саволига жавоб берди. Иккинчи шартда мутахассислиги ва услубиётга оид топшириқни ёзма бажарди. Учинчи шартда эса ўқитувчилар замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда дарс ишланмаси ва унинг тақдимотини тайёрлади. Сўнгги шартда иштирокчилар маълум мавзу бўйича қуръа ташлаш йўли билан танланган синфда дарс машғулоти ўтказди.

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг билими, иш тажрибаси, ўқувчиларнинг кўнглига йўл топиш, уларни дарсга қизиқтириш қобилияти холисона баҳоланди. Ғолиблар 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунида “Халқ таълими аълочиси” кўкрак-нишони ва вазирликнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.

Гўзал Сатторова, ЎзА
1 955






Все о погоде - Pogoda.uz