ЎзА Ўзбек

04.04.2018 14:31 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда халқаро мутахассислар иштирокида «Инсон ва саломатлик» V республика конгресси бўлиб ўтмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ҳамда хорижлик тиббиёт соҳасининг малакали мутахассислари, илмий-амалий тиббиёт марказлари олимлари, шифокорлар, ёш тадқиқотчилар иштирок этмоқда.

– Анъанавий тус олган мазкур тадбир аввалгилари каби маҳаллий тиббиётимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлишига шубҳам йўқ, – деди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Ҳ.Оқилов. – Бошланган конгресс доирасидаги ўзаро касбий мулоқот тиббиёт ходимлари ва фармацевтларга ҳозиргача аниқ жавоби йўқ бўлган саволларни муҳокама қилиш, балки уларга жавоб ҳам топишга ёрдам беради. Олимлар ва амалиётчи врачлар ўртасида фикр ва тажриба алмашиш тиббиётнинг кўплаб долзарб муаммоларига ечим топади, деган умиддаман.

Конгресс иш режасига кўра кўра, икки кун давом этадиган семинарларда кардиология, неврология, педиатрия, пульмонология бўйича илмий жамиятларнинг янги клиник тавсиялари кўриб чиқилиб, иштирокчилар клиник эндокринология ва гастроэнтерология соҳасидаги сўнги ютуқлар билан таништирилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир терапевтика соҳасидаги врачларнинг ўзаро билим алмашишларига имкон яратмоқда.

Тадбир доирасида миллий ва халқаро компаниялар маҳсулотлари намойиш қилинмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
7 068