Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 17:37 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси бошланди

Пойтахтимизда асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси бошланди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ва «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банки ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки юз элликдан ортиқ асаларичи ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.

Мамлакатимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми муттасил ошмоқда. Юртимиз бозорларида бўлган киши савдо расталарида товланаётган турфа ноз-неъматларни кўриб, она ер саховати, деҳқон ҳимматига тасанно айтади. Ушбу неъматлар орасида, айниқса, асал ўзининг шифобахш хусусиятлари билан алоҳида аҳамият касб этади. Юртимизнинг мўътадил иқлими асал йиғиш ва асал маҳсулотлари етиштириш учун жуда қулайдир.

5.jpg

Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаб олишда дастуриламал бўлаётир. Унга кўра, юртимизда фаолият юритаётган асаларичиларни бирлаштириш, ўзаро тажриба алмашишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ташкил этилди.

7.jpg

Уюшмага аъзо хўжаликлар 2023 йилгача соҳада қўлланиладиган ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари, препаратлар, мумпарда ва мум маҳсулотлар учун божхона тўловлари тўламайди. Бу эса маҳсулот ҳажми ортишини таъминлайди. Хусусан, жорий йил 15 тонна асал ва асал маҳсулотлари етиштирган асаларичилар 2021 йилга бориб бу кўрсаткични 23 тоннадан ошириши кутилмоқда.

11.jpg

– Имкониятлардан унумли фойдаланиб, етиштирган маҳсулотларимизни уюшма кўмагида экспортга чиқармоқчимиз, – дейди самарқандлик асаларичи Ибодулла Хонхўжаев. – Ҳозирга қадар 150 асалари оиласини парвариш қилиб, йилига ўртача уч тонна асал йиғиб олаяпмиз. Истиқболда экспортни йўлга қўйиш, асалари оилаларини кўпайтириб, ҳосилдорликни оширишни режалаштирганмиз.

13.jpg

Ярмаркада асаларичилар томонидан тақдим этилаётган асал, асал муми, болари чанги, асалари сути каби турфа маҳсулотларни танлаб олиш мумкин.

4.jpg

– Асал сифатини аниқлаш учун қадимдан турли усуллар қўлланилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикасидан келган асаларичи Бахтиёр Жубаев. – Масалан, асал қошиқдан узилмай чўзилиб оқса ёки оловга тутилганида ёнса, сифатли ҳисобланган. Турли шубҳаларга бормаслик учун яхшиси, қадоқланган, ташкилот номи келтирилган маҳсулотни харид қилган маъқул. Мисол учун, биз фаолият юритаётган Нукус туманида асални қадоқлаш ва мумпардаси ишлаб чиқариш цехи фаолият юритмоқда.

– Бунинг янада осонроқ усули бор, – дейди тошкентлик асаларичи Ҳамидбек Маҳмудов. – Мисол учун, харид қилишдан олдин бир томчи асалга кимёвий қалам суртиб кўрилганда томчида мовий-бинафша ранг пайдо бўлмаса, демак, у ҳақиқий асал ҳисобланади. Тоза асалнинг шифобахш хусусиятларини сақлаш учун қалай, темир, тунука, мис идишларда эмас, балки, рангли ва шиша идишлар, шунингдек, оғзи маҳкам ёпиладиган чинни, сопол буюмларда сақлаш лозим. Бундан ташқари, қуёш нури ва иситиш мосламаларидан узоқроқда сақлаган маъқул.

Жорий йилнинг 10 декабригача давом этадиган тадбир доирасида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси вакиллари ва асаларичилар иштирокида илмий-амалий семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш мўлжалланмоқда.

Асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев сўзга чиқди.

Сайёра Шоева, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
2 827






Все о погоде - Pogoda.uz