ЎзА Ўзбек

17.07.2018 12:41 Чоп этиш версияси

Пойтахтда муҳташам байроқ ўрнатилди

Пойтахтда муҳташам байроқ ўрнатилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан партия фаолларининг таклифи инобатга олиниб, қисқа фурсатда маҳобатли байроқ ўрнатилди.

Жорий йилнинг 21 июнида uza.uz сайтида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Ёшлар қаноти” мамлакатимизнинг кўп сонли ёшлари хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлигига пойтахтимиз марказида ёшларни ватанпарварликка ундовчи, халқимизнинг ғурурини акс эттирувчи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча фуқароларимизни бирлаштирувчи, пойтахтимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар ва сайёҳларга миллатимизнинг “мен”ини намоён этувчи иншоот сифатида Давлат байроғи майдонини яратиш таклифини билдирган эди.

Партия фаолларининг мазкур таклифи Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан инобатга олиниб, қисқа фурсатда ана шундай маҳобатли байроқ ўрнатилди.

Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун севимли майдонга айланган “Халқлар дўстлиги” саройи ҳудудида ўрнатилган ушбу маҳобатли Давлат байроғининг баландлиги 65 метр, ҳажми 20 метрга 10 метр. Айни пайтда ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, шу йилнинг 22 июлида майдон фойдаланишга топширилади.

Мамлакат ғурури ва ифтихори – Давлат байроғи ўрнатилган ушбу майдонга ташриф буюрган ҳар бир ватандошимизга ўзгача кайфият бағишлашига шубҳа йўқ. Қолаверса, ёшларнинг ватанпарвар, юртга садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етишларига ушбу салобатли байроқнинг ҳиссаси катта бўлади, албатта. Зеро, ҳар бир фуқаро онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсолларидан бири бўлган байроқни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

ЎзА
14 262