Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.01.2018 13:50 Чоп этиш версияси

Пойтахт ёшлари ҳарбий қисмда бўлди

Президентимизнинг 2017 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Байрам арафасида пойтахт ёшлари ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб, Ватан ҳимоячиларининг ҳаёти билан танишди.

Йигит-қизлар учун миллий армиямизда қўлланилаётган қурол-аслаҳалар намуналари намойиш этилди. Ёшлар бронежилет, дубулғаларни кийиб кўриб, дурбиндан атрофни кузатиш имконига эга бўлди. Капитан Миркомил Тошқулов ёш меҳмонларга ҳарбийлар ҳаёти ва хизмати ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларни тақдим этди.

Ҳарбий қисм ошхонасида озиқ-овқат хизмати раҳбари, катта лейтенант Маҳмуд Ортиқов ҳам ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

– Бугун тенгқурларимиз билан армия ҳаёти ҳақидаги тасаввурларимиз янада бойиди, – дейди Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежининг 3-босқич талабаси Андрей Мин. – Масалан, ҳарбий хизматчиларнинг озиқ-овқат таъминотида аутсорсинг тизими жорий этилганини билиб олдик.

Ёшларда, шунингдек, компьютердан ўқ отиш тренажерлари хонаси катта қизиқиш уйғотди. Ҳарбий қисм қўмондонининг тренажерларда ижобий баҳо олган ҳарбий хизматчиларгагина полигонларда бўлиб ўтадиган жанговар отишмаларда қатнашишга рухсат берилиши мумкин, деган сўзлари ёшларда ижобий таассурот қолдирди. Чунки бу халқ маблағини тежаш имконини беради.

Меҳмонлар давлатимиз раҳбарининг 2017 йил йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ижроси билан боғлиқ яна бир воқеанинг гувоҳи бўлди. Ҳарбий қисмда бўлиб ўтган таъсис мажлисида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотини тузиш ҳақида қарор қабул қилинди ва унинг етакчиси сайланди. Сайловда Илҳом Пўлатов, Ғанишер Исмоилов ва Фаррух Шокиров сингари офицерларнинг номзодлари таклиф этилди. Овоз бериш натижасига кўра, капитан Ф.Шокиров Ёшлар иттифоқининг ҳарбий қисмдаги бошланғич ташкилоти етакчиси этиб сайланди.

Йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Миробод тумани кенгаши раиси Саидрасул Саидхонов ёшлар ташкилотида рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди, келажакдаги режалар билан ўртоқлашди.

– Ҳарбий қисмда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг тузилгани муҳим воқеа бўлди, – дейди Фарғона вилояти Бешариқ туманидан чақирилган оддий аскар Қурбонали Шерматов. – Бу ҳар биримизни ҳарбий жамоанинг жамоат ҳаётида фаол қатнашишга ундайди.

Аблай Камолов, ЎзА
10 088