ЎзА Ўзбек

12.09.2018 21:01 Чоп этиш версияси

Пойтахт транспорти: кеча, бугун, эртага

Пойтахт транспорти: кеча, бугун, эртага "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизмати сифатини ошириш, тизимга замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида хорижий компания ва фирмалар билан музокаралар олиб бораяпти. Шу мақсадда Корея, Миср каби давлатларнинг етакчи компаниялари билан музокаралар ўтказилди.

Миллий матбуот марказида "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти ўтказган матбуот анжуманида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақида маълумот берилди.

Автобусларда баъзан ҳайдовчи ва чиптачиларнинг қўпол муомаласига дуч келамиз, чипта берилмаслик ҳолатларини кузатамиз. Қатновлар вақтининг бузилиши, бекатларда узоқ туриб қолиш каби манзара йўловчилар кайфиятига салбий таъсир кўрсатади.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, автобусларнинг техник созлиги назоратини таъминлаш мақсадида ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари «Бош муҳандислар» куни деб белгиланган. Ижтимоий тармоқларда жорий этилган «Йўловчи назорати» гуруҳи орқали йўловчиларнинг норозилигига сабаб бўлаётган ҳолатлар аниқланиб, бартараф этилмоқда.

"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ таркибида 9 автобус саройи, 4 унитар корхона мавжуд, 133 йўналишда автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида бир ойлик йўл чиптаси ва автобус жетонлари сотилмоқда.

М.Тошқораева, ЎзА
3 189