ЎзА Ўзбек

28.07.2018 18:30 Чоп этиш версияси

Пойтахт ҳокимлигида "Очиқ эшиклар" куни

Унда тадбиркорлар ташаббуси қўллаб-қуватланмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг Тошкент шаҳри ҳам янги қиёфа касб этмоқда. Пойтахтда ободонлик, кенг миқёсли қурилиш ишлари жадал тус олган. Бу жараёнга ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлган тадбиркорлар, хорижлик инвесторлар ҳам бор. Уларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш эса муҳим вазифа саналади.

Шу мақсадда Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги “Очиқ эшиклар куни” тадбири тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, бунёдкорлик ишларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, давлат ва хусусий шерикчиликни ривожлантириш масалаларига бағишланди. Унда тадбиркорлар ва хорижлик инвесторлар янги лойиҳалари билан иштирок этди.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Ортиқхўжаев маҳаллий ва хорижлик тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди.

– Мақсадимиз пойтахтимизни янада ривожлантириш, кўзни қувнатадиган бино ва иншоотлар қуриш, инфратузилмани яхшилаш, аҳолининг яшаши ва дам олиши учун қулай муҳит яратиш, – деди Ж.Ортиқхўжаев. – Бу жараён инвестицияларни жалб қилиш орқали тезроқ амалга ошади. Бу борада ўз лойиҳасини виждонан бажарадиган тадбиркорлар билан ҳамкорликка тайёрмиз.

Тадбирда маҳаллий тадбиркорлар билан ёнма-ён Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Россия каби давлатлардан келган инвесторлар ҳам иштирок этиб, лойиҳаси юзасидан кўргазмали маълумотларни тақдим этди. Шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари энг яхши ва истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

– Компаниямиз тиббий препаратлар, ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Маҳсулотларимиз дунё миқёсида харидоргир ҳисобланади, – дейди “New World Med” компанияси бош директори Ким Кенг Жун (Жанубий Корея). – Ўзбекистонда фаолият юритаётганимизга 4 йил бўлди. Бугун мамлакатда бунёдкорлик ишлари авжида, янги иншоотлар, уйлар қурилмоқда. Шу боис биз бу жараёнда жуда муҳим – ёнғинга қарши қўлланиладиган ускуналар ва махсус кийимларни тақдим этишни режалаштирдик. Ўйлаймизки, ташаббусимиз мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари томонидан қўллаб-қувватланади.

Тошкентдаги бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшаётган ёш тадбиркорлар ҳам эътибордан четда эмас.

Тадбирда ёш тадбиркор Сардор Раҳмонов “BILLUR BOLALAR BOG’I” лойиҳасини тақдим этди. Юнусобод тумани 4-мавзе "Қулоқтепа" кўчасидаги 3-уйнинг олдида қурилиши режалаштирилган замонавий лойиҳанинг қиймати 450 минг АҚШ долларини ташкил этади. 40 сотих майдонда жойлашган боғ ландшафти ўзига хос бўлиши кутилмоқда. Боғда 15 га яқин аттракцион, фавворалар, бор бўйи билан ёниб турувчи 40 та нанодарахт ва 1,5 мингта сунъий атиргул бўлади.

f7d04a74-ebf7-480b-bf6e-5d0f6bcb5f4f.jpg

– Қурилмаларнинг барчасини Хитойдан олиб келдик. Лекин улар давлатимиз божхонасида туриб қолди, – дейди С.Раҳмонов. – Давлат божи жуда қимматлик қилмоқда. Бугунги учрашувда Тошкент шаҳар ҳокимидан шу масалада ёрдам беришини сўрадик. Болалар учун барпо қилаётган боғимизга мўлжалланган қурилмаларни олиб киришда божхона имтиёзи қўлланилишидан умидвормиз.

“Очиқ эшиклар куни” тадбири якуни бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Улуғбек Асроров, ЎзА
3 780