ЎзА Ўзбек

26.07.2018 12:47 Чоп этиш версияси

Пойтахт куз – қиш мавсумига тайёрми?

Пойтахт куз – қиш мавсумига тайёрми?
Ёз жазирамаси қишнинг совуқ келишидан далолат. Шу боис ўтаётган ҳар бир кунни ғанимат билиш керак.

Вақт – шунчалар тез одимлайдики, баъзи ишларга улгурмай қоласан киши. Аммо ана шу вақтдан самарасиз фойдаланишимиз бизни турли муаммо ва камчиликларга рўбарў қилади, ундан унумли фойдаланишимиз эса олдиндаги куз-қиш мавсумини яхши ўтказишимиздан далолатдир. Ахир халқимиз “Ёзда боши пишмаганнинг, қишда оши пишмас” дея бежизга айтмаган.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган тадбир Чилонзор туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришда йўл қўйилаётган турли камчиликлар ва бу ишларнинг боришида қатор ташкилотларнинг сусткашлик билан ёндашаётгани, ёзнинг иссиқ кунларида унумли фойдаланиб, муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этилиши борасида танқидий-таҳлилий рухда ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Нодиржон Максумов, Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи Шерзод Турсунов ва Чилонзор тумани ҳокими Даврон Ҳидоятов иштирок ўтган тадбирда, туманда куз қиш мавсумига тайёргарлик кўриш тўғрисида сўз юритилди.

Чилонзор тумани ҳокими Д.Ҳидоятов туман миқёсида куз – қиш мавсумига тайёргарлик кўриш жараёнида йўл қўйилаётган камчиликларга бирма бир тўхталиб ўтар экан, банклардан ўз вақтида кредитлар ажратилгани, ширкат хўжаликларининг, маҳалла раисларининг ўз ишига масъулият билан ёндашмаётганини алоҳида эътиборга олди. Туман мавзеларида олиб борилаётган ишларнинг якунига етмай тўхтаб қолиши, қурилиш таъмирлаш ишларида турли ташкилотлар юзаки ёндашаётганини таъкидлаб ўтди. Албатта, ёз жазирамаси қишнинг совуқ келишидан далолат. Шу боис ўтаётган ҳар бир кунни ғанимат билиш керак.

Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳридаги 11та тумандан Бектемир, Юнусобод ва Чилонзор туманларига банклар томонидан энг юқори кўрсатгичли кредитлар ажратилгани, бу имкониятдан туман мутасадди ташкилотлари ва раҳбарлари муносиб фойдаланиб, куз – қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўришлари алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳрида олдинги йилларга нисбатан жорий йилда куз – қиш мавсумларга тайёргарлик кўриш анча эрта бошланди. Кўп хонадонли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини куз – қиш мавсумига тайёрлаш, иссиқлик, электр, газ ва сув таъминотини, умумий фойдаланиш жойларини, лифт ускуналарини тартибга келтириш, ҳудудларда санитария ҳолатини яхшилаш, ободонлаштиришни ташкил этиш ишлари белгиланган режа асосида амалга оширилишида ўз вақтида ишимизга ёндашмоғимиз даркор. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, амалга оширилган ишлар қишда ҳам ижтимоий тармоқларнинг барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

ЎзА
5 833