ЎзА Ўзбек

04.04.2018 18:30 Чоп этиш версияси

Пойтахт ҳайдовчилар учун ноқулайми? Тўхташ мумкинмас, жарима тўланг!

Пойтахт ҳайдовчилар учун ноқулайми? Тўхташ мумкинмас, жарима тўланг!
Машинангиз борми? Агар, жавобингиз “йўқ” бўлса, асло ўкинманг. Тошкент кўчалари машинали аҳолини “унча ҳушламайди”. Машинали бўлиш Тошкент аҳолиси учун энг ноқулай бўлган “қулайликлардан” бири. Сабаби оддий, пойтахтнинг марказий кўчаларида тўхташ жойини топишнинг ўзи амримаҳол. Машинангизда ишга 15 дақиқада етиб олсангиз, шаҳар марказида унга жой топиш учун гоҳида 30 дақиқа ҳам сарфлаш мумкин. Қаерга қараманг “тўхташ мумкин эмас” белгисини кўрамиз. Мазкур белгиларни қисқартириш ва вақтинчалик тўхташга рухсат берилиши ҳақида 2017 йил ноябрь ойида ИИББ томонидан маълумотлар берилган бўлса-да, “тўхташ мумкин эмас” белгилари камайгани йўқ. Биз Тошкент шаҳрини айланиб машиналарни вақтинчалик қолдириш мумкин бўлган 4 хил антиқа “стоянка”ларни аниқладик ва улар билан сизни таништирамиз.

“ЖОЙ ТОПИБ БЎПСИЗ, ЖАРИМА ТЎЛАНГ”

“Жой топиб бўпсиз, жарима тўланг” қабилидаги “стоянка” Тошкент кўчаларида кенг тарқалган. Мисол учун, Навоий кўчаси бўйлаб юрар эканмиз тўхташ учун махсус жойларни учратмадик. Бироқ, ҳар қадамда “тўхташ мумкин эмас” белгилари қатор-қатор қўйилган. Навоий 30 уй нашриёт ва бошқа муассасалар яқинида машиналар тўпланиб, туради. Махсус жой бўлмагани сабабли, автомобил эгалари уловни тўхташни тақиқловчи белги остида қолдирадилар.

IMG_20180403_130120.jpg

Ўрда томон юрар эканмиз, “Алишер Навоий” киносаройи афишалари ёнида, Ёшлар иттифоқи марказий биноси ёнида кетма-кет қолдирилган машиналарга гувоҳ бўламиз. Ваҳоланки, ушбу йўлларнинг барида тўхташни тақиқловчи белгилар бор. Машина қолдиришга бошқа жой топа олмаган ҳайдовчи уловини йўл юзида қолдиришдан бошқа чораси йўқ. Кечгачами ёки 5-10 дақиқага бу ерда уловини қолдирган ҳайдовчини қайтишда ЙҲХ ходими кутиб олиб бўйнига яхшигина жарима солиши мумкин. Жарима ёзиб бераётган ходим бошқа тўхташ учун муқобил жой кўрсата олмасада, қонунни пеш қилиб сизни жаримага тортади. Унинг вазифаси сизга жой топиб бериш эмас, нима ҳам дердингиз? Жарималар, тартиб-қоидалар бор, бироқ қонунни бузмаслик учун шароит қани?

“СОХТА” ТЎХТАШ ЖОЙЛАРИ

Пойтахтда бир қанча “сохта” тўхташ жойларини ҳам учратиш мумкин. Хусусан, “Абай” кўчаси 4-стомотология клиникаси яқинида машиналар доим тирбанд бўлади. У ерда тўхташ учун махсус 2 минг сўмлик “стоянка” бор. “Стоянка”да машиналарни қолдириш учун рисоладагидек жой бўлмасада, “стоянка 2 минг сўм” ёзувлари битилган қийшиқ тахта осиб қўйилган. Нарх арзон, беришга оғринмайсиз. Бироқ, қийшиқ тахтани осиб қўйганлар тўхташ жойини эпақага келтириш ҳақида ўйлаб кўрсалар яхши бўларди. Шаҳарнинг яна бир нечта қисмларида бу каби қийшиқ тахтали “стоянка”лар мавжуд. Шароит йўқ, лекин пуллик. Бу каби тўхташ жойларида одатда забонсиз ишчилар бўлади. Улардан бу “қулайлик”ни яратиб бераётган раҳбари кимлиги ёки бошқа ҳужжатларни сўраб олишнинг ҳам имкони йўқ.

IMG_20180403_112517.jpg

БОЗОРГА ТЕГИШЛИ ҲАВФЛИ “СТОЯНКА”ЛАР

Айрим бозорларнинг кийим-кечак сотилувчи тарафида махсус машиналар учун тўхташ жойи бор. Озиқ-овқатлар сотилувчи деҳқон бозори тарафдаги тўхташ жойи эса соатига пуллик бўлишига қарамасдан, махсус “стоянка” сифатида тартибга келтирилмаган. Алғов-далғов қўйилган машиналар орасига кириб, бир амаллаб жойлашасиз. Машинангиз ва ичидаги буюмлар хавфсизлигига биров жавобгар эмас. Лекин, соатига 2 минг сўмдан тўлашга мажбурсиз. Баъзи ҳолларда, айниқса, эрталаб “стоянка”да велосипед қўйиш учун ҳам жой топилмайди. Кирган машина аранг чиқиб кетади. Лекин, шундай ноқулайликлар бўлишига қарамасдан уловингизга жой топишга мажбурсиз. Йўқса ташқарида сизни доимгидек жарима кутади. Нафақат айрим бозорлар, кўпинча тўйхоналарда ҳам шу каби хавфли “стоянка”лар мавжуд.

“БИЛГАНИНГНИ ҚИЛ”

“Билганингни қил” каби антиқа тўхташ жойларини одамлар ўзлари учун яратиб олганлар. Тўхташ белгилари кўплигидан оғринамиз-у, аммо ўзимизда ҳам айб йўқ эмас. “Алоқа”, “Беруний” кўчаларида тўхташни тақиқловчи белги йўқ. Йўл четида машиналарни бемалол қолдириш мумкин. Бу имкониятдан фойдаланган ҳайдовчилар йўлнинг иккинчи қаторида ҳам бамайлихотир уловни қолдириб кетаверадилар. Оқибатда машиналар оқими тўсилиб тирбандлик юзага кела бошлайди. Уловини йўлда қўпол тарзда “билганингни қил” қабилида ташлаб кетган ҳайдовчилар йўл тўсилиб қолганига парво ҳам қилмайдилар. Тошкентда бу каби “махсус стоянка”лар ҳам учраб туради. 

Биз ёзишни истаган сўнгги тўхташ жойи бу йирик супермаркетларга тегишли. Ҳайриятки, йирик савдо марказлари мижозларнинг машиналари ҳақида қайғурмоқдалар ва улар учун тўхташ жойини ҳозирлаганлар. Демак, хоҳиш бўлса, одамлар учун озгина қайғурилса, имкон топиш мумкин. Шаҳарнинг бошқа қисмларида ҳам автомобилли аҳолига қулайлик яратиш ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Пала-партиш “стоянка”ларни ҳам шундайлигича қолдириш уятли бўларди.

Анора Содиқова, ЎзА
20 387