ЎзА Ўзбек

28.03.2020 Чоп этиш версияси

Пошшопирим қишлоғида қудратли синоат бор...

Пошшопирим қишлоғида қудратли синоат бор...
Фарғона вилояти Бувайда туманидаги Пошшопирим қишлоғи нафақат ширин анжирлари, балки тарихий обидалари, зиёратгоҳлари билан ҳам машҳур.

Халқ тилида “Пошшопирим” зиёратгоҳи деб танилган Шоҳ Муҳаммад ибн Жарир тарихий обидаси деворларига ишланган дастлабки безаклар VIII-IX асрларга тааллуқли бўлиб, биргина шу жиҳатнинг ўзи ҳам бу қишлоқ нечоғли қадимий эканлигидан далолатдир. Қишлоқнинг ўзига хос рамзи бўлган зиёратгоҳнинг кириш қисмида Темурийлар сулоласи қурдирган мақбара сақланиб қолган. Тарихий маскан ичкарисида XIX асрга оид бинолар бор. Йигирма бир метрли минора эса бир неча юз йиллар мобайнида эътиқодда собит бувайдаликлар учун пок иймон рамзи бўлиб келмоқда.

Зиёратгоҳ тарихини ўрганиш бўйича изланишлар олиб борган бувайдалик журналист Собиржон Отабоевнинг айтишича, бу тарихий масканнинг “Пошшопирим” деб номланиши Биби Убайда билан боғлиқ. Муҳаммад ибн Жарирнинг бувиси бўлган Биби Убайда ҳамиша набирасини “Пошшопирим” дея эркалатган. Эзгу дуо ижобат бўлиб унинг зиёратига узоқ-яқин юртлар подшолари келиб турган. Қўқон хони Худоёрхон ҳам ушбу табаррук маскан зиёратига тез-тез келиб тургани ҳақида жуда кўп хотиралар сақланиб қолган.

Фарғона давлат университети ўқитувчиси, тарих фанлари номзоди Баҳриддин Усмонов ҳам XIV асрга тааллуқли бу тарихий обида Амир Темур авлодларидан қолган бебаҳо ёдгорлик эканини таъкидлайди.

Таъбир жоиз бўлса, мустақиллик йилларида “Пошшопирим” зиёратгоҳига иккинчи умр бахш этилди. Унинг ҳудуди ҳар жиҳатдан кенгайтирилиб, шарқона услубда янги бинолар, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари қад ростлади. Зиёратгоҳ атрофида ўнлаб савдо дўконлари, ҳунармандлик расталари фаолияти йўлга қўйилди.

Маълум бўлишича, Бувайда туманидаги “Банди Кушод бува”, “Биби Убайда”, “Пошшопирим”, “Бастон бува” зиёратгоҳлари билан боғлиқ шахслар ҳаётини ислом дини ривожига бахшида этган яқин қариндошлардир. Болаликдан Қуръонни ёд олган, урушларда саркарда сифатида қатнашган бу амакиваччалар туманнинг бир-бирига қўшни қишлоқларида мангуга қўним топган.

“Пошшопирим” МФЙ раиси Хурсанали Саминов Бувайда туманида хоки ётган авлиёлар деҳқончилик ва ҳунармандчилик соҳаси пири бўлганлиги ҳақида ота-боболаридан эшитган ривоятларни мароқ билан сўзлаб берди. Асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб сайқалланиб келаётган бу анъаналар бугунги кунда ҳам бувайдаликлар ҳаётига файз ва барака бағишлаяпти.

– Маҳалламизда истиқомат қилувчи 4 мингдан зиёд аҳоли тадбиркорлик ва деҳқончилик билан машғул, – дейди Х.Саминов. – Қишлоғимизда етиштириладиган гуруч бутун Ўзбекистонда машҳур. Боғларда шарбатга тўлиб пишадиган мевалар ҳамда табиий дармон дориларга бой сабзавотларимиз ҳам жуда харидоргир.

Қишлоқда мунтазам равишда спорт мусобақаларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Илм-маърифатга қизиққан пошшопиримликлар кутубхона ҳам ташкил этди. “Пошшопирим” зиёратгоҳига йўл мўъжазгина кутубхонадан бошланади. Бу ерда диний қўлланмалар билан бирга, мумтоз ва жаҳон адабиётининг энг ноёб дурдоналарини топиш мумкин.

Тарихий масканда яшаётган қишлоқ аҳолисининг ўзаро аҳил-иноқлиги сабабли “Пошшопирим” маҳалла фуқаролар йиғинида 2018 йилдан буён бирорта ҳам жиноят қайд этилмади. Бу йил “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорликлар режалаштирилаётгани эса қишлоқ аҳлини янги ютуқлар кўламини янада кенгайтиришга чорламоқда.

Мамлакатлар ўз фуқароларига ўхшайди, деган ибора бор. Пошшопиримликларнинг бир қарашда оддий, вазмин ва самимий турмуш тарзида аждодлардан мерос орият ҳамда салобат бордек туюлади. Кучли ички маданият билан ўзаро уйғун бўлган бундай вазминлик замирида яратувчанлик ва бунёдкорликнинг улуғ қудрати мужассамдир.

1 064
М.Сулаймонов, ЎзА