ЎзА Ўзбек

16.08.2018 17:14 Чоп этиш версияси

Порани берган ҳам олган ҳам жиноятчи

Порани берган ҳам олган ҳам жиноятчи Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

“Коррупция – мамлакат тараққиётига таҳдид” шиори остида ташкил этилган тадбирда депутатлар ва тегишли ташкилотларнинг мутахассислари иштирок этди.

2017 йил 4 январдан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун кучга киргани коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Мазкур қонун ижросини тўлиқ таъминлаш учун 2017 йил 2 февралда Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ҳам қабул қилинган.

Тадбирда мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва унинг амалдаги ижроси, жойларда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида партияларнинг ўрни, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни камайтиришда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг аҳамиятига кенг эътибор қаратилди.

Соҳа вакилларининг маълумотига кўра, тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган шахсларга тўсқинлик қилиш каби коррупцион ҳолатларни аниқлаш, уларни бартараф этиш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шаҳар прокуратураси томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида 64 нафар мансабдор шахсга нисбатан 61 жиноят иши қўзғатилиб, шундан 50 нафар шахсга нисбатан 46 та жиноят ишлари судларга юборилган.

Партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан бу иллатнинг олдини олиш мақсадида “Биргаликда ҳуқуқий маданият сари”, “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият” лойиҳалари доирасида аҳоли орасида қатор учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Бу каби тадбирлар фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўғри ва тўлиқ англаши, манфаатларини ҳимоя этишда коррупцияга бош қўшмаслик ва ушбу жиноятга шерик бўлиб қолмаслигига хизмат қилади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
6 437