ЎзА Ўзбек

28.08.2018 16:19 Чоп этиш версияси

Порахўрликка чек қўйилади

Порахўрликка чек қўйилади Порахўрлик қандай кўринишда бўлмасин, жамият равнақига салбий таъсир кўрсатувчи омилдир. Айниқса, ходимни салоҳиятига қараб эмас, берган пули эвазига ишга қабул қилиш иллати ҳар қандай соҳани инқирозга бошлаши турган гап.

Афсуски, орамизда ана шу иллатни “касб” қилиб олган юлғичлар ҳамон учраб турибди. Лекин бундай ҳолатларга аҳолининг муросасизлиги ортгани туфайли порахўрлар қўлга олинмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда яна бир порахўр фош этилди. Тахиатош тумани халқ таълими бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи М. фуқаро П.ни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Тахиатош туманидаги 1-умумтаълим мактабга ўқитувчи лавозимига ишга киритиб қўйиши эвазига ундан 200 долларни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А. ва Б. фуқаролар Ш. ва М.ларни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали давлат божхона қўмитаси Фарғона вилояти бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига улардан фирибгарлик йўли билан 4 минг 800 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳар биримиз ана шундай ҳушёр бўлиб, порахўрларни фош этишга ҳисса қўшсак, порахўрликка чек қўйилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
4 303