ЎзА Ўзбек

31.07.2018 20:03 Чоп этиш версияси

Порахўрлик камайгани кузатилди

Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш шу йўналишда қабул қилинган қонунларнинг асл моҳиятини ташкил этади.

Бундай қонуний нормалар ҳаётимизда акс этаётгани, яъни жамиятда, юртдошларимизда порахўрликка нафрат ҳисси кучайгани, унга барҳам бериш учун фуқаролар фаоллик кўрсатаётгани кузатилмоқда.

Хўш, бунинг таъсири қандай бўлмоқда? Пора олувчи, коррупцияга йўл қўяётган масъул шахслар бундан ҳушёр тортаяптими?

Жиноят судларида кўрилган ишлар таҳлилига назар ташланса, жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида пора олиш ва бериш, бу жараёнда воситачилик қилиш жинояти камайгани кузатилган.

Анча йиллар пора берган, олган ёки уларга воситачилик қилганларга томошабин бўлиш ёки шу жараёнда иштирок этишга баъзан оддий ҳол, деб қаралгани коррупциянинг илдиз отишига туртки бўлди. Бу эса кўплаб соҳаларнинг издан чиқиши ёки самарасиз фаолият юритишига сабаб бўлгани сир эмас. Аммо энди бундай ҳолга муросасиз бўлиш, бу иллатга йўл қўйганларни фош этиш самарасини кўрсата бошлади. Демак, коррупцияга қарши курашиш нафақат сўзимизда, амалда давом этсин. Шунда биз тараққиётга тўсиқ бўлган ғовдан батамом қутиламиз.

Жиноят судларида кўрилган ишлар таҳлилига назар ташласак, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бошқа жиноят турлари камайгани, жумладан, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ўғрилик каби жиноятлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, безорилик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, транспорт воситасини олиб қочиш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичларида камайиш қайд этилди.

– 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 26 минг 442 шахсга нисбатан 20 минг 283 иш кўриб чиқилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов. – Жумладан, 375 шахс оқланди ва реабилитация қилинди. Судланган шахслар сони 19 минг 683 нафарни ташкил этди. Шундан 4 минг 828 шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 13 минг 657 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди. 1 минг 198 шахс шартли ҳукм қилинди.

Шунингдек, 1 минг 770 шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди. 15 минг 504 нафари жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинди. 4 минг 791 нафарига тайинланган жазо енгили билан алмаштирилди. 4 минг 101 шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 4 минг 634 шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Етказилган 196,1 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 2 минг 226 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

9 мингдан зиёд жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 45 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Сайёр суд мажлислари фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, аҳолининг судга яқинлашувини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Бу, ўз навбатида, одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА
8 267