Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 09:04 Чоп этиш версияси

Пора берганнинг икки юзи қора...

Пора берганнинг икки юзи қора...
Гулистон давлат университетининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, фалсафа фанлари номзоди, Равшанбек Маҳмудов ЎзА мухбири А.Қаюмовга бу йил имтиҳонлар адолатли ва шаффоф ўтишига ишониши, нафснинг қулига айланиб, қинғир йўллардан юришнинг охири вой эканлиги ҳақида ўз мулоҳазаларини сўзлаб берди.

– Афсуски, ўтган йилларда тест синовлари орқали олий таълим муассасалари бакалавриатига талабаларни қабул қилишда бир қатор камчиликлар бор эди. Бу тест синовларини ўтказиш тартиб-қоидалари, тест синовлари натижаларини эълон қилиш жараёнларида кўпроқ сезилар эди. Бу ҳол кўпчиликнинг, айниқса, ота-оналарнинг тест синовларини ўтказиш жараёнлари билан боғлиқ ҳақли эътирозларига сабаб бўларди. Бу тизим жорий йилдан бошлаб талаб ва таклифлар асосида қайта кўриб чиқилди. Жараёнда адолат ва шаффофликни таъминлаш, фақат муносибларни саралаб олиш борасида жуда катта ишлар қилинди. Буни бугун барчамиз кўриб, асл ҳолатнинг ичида қатнашиб, билиб турибмиз. Бу йил тест синовлари белгиланган талаблар асосида ўтиши таъминланади.

Соҳага авваллари янгиликларнинг татбиқ этилмагани, замон талабига мос равишда босқичма-босқич такомиллаштириб борилмагани оқибатида тест синовлари билан боғлиқ салбий ҳолатлар юзага келгани рост. Порахўрлик ҳолатлари ҳам учраганидан кўз юмиб бўлмайди.

Порахўрлик бу жуда ёмон иллат, бу ёмонликларнинг онасидир. Ҳаромдан ҳазар қилмайдиган кимсаларда иймон ҳам, виждон ҳам, орият ҳам бўлмайди. Афсус билан айтиш керакки, айрим кишилар пора олишдан, пора беришдан, бировнинг ҳақини ейишдан сира қўрқмайди. Ҳаромдан топилган пулининг оқибатини, охиратини ўйламай фарзандларига беради ва энг ёмони буни оддий, одатий ҳол деб билади.

Халқимизда, “Пора олганнинг бир юзи қора, пора берганнинг икки юзи”, деган мақол бор. Демак фақат пора олган кимса эмас, пора берган кимса ҳам икки ҳисса гуноҳкор бўлади. Амалдаги қонунларимизда ҳам ҳар иккаласи жавобгар экани айтилади

Оилада тўғри тарбия кўрган, оқ-қорани англаган фарзанд бундай иллатлардан нафақат узоқ юради, балки унга қарши курашади. Халқимизда ота-она фарзанд учун андоза, деган нақл бор. Ўзлари нафс қулига айланиб қолганларнинг фарзандлари ҳам шу йўлдан бориши эҳтимолдан холи эмас.

– Суҳбатимиз, назаримда, нафс мавзусига ўтяпти. Нафс, – бу ўзи нима? Унинг ёшлар тарбиясида аҳамияти қай даражада?

– Ўз нафсини жиловлай олган инсон доно, ақлли ва бахтлидир, дейишади. Инсонга Аллоҳ шундай куч ато этганки, у нафсини жиловлай олиш қудратига эга. Шунга иродаси етмадими, нафс унинг бошини эгишга мажбур қилади. Пастга қарадими, демак унинг нафси бу инсоннинг юзини ерга қаратади, деганидир.

Инсон, айниқса ёшлар тарбиясида нафс жуда муҳим аҳамият касб этади. Бу ноодатий эмас, балки жуда муҳим ва жуда долзарб мавзу ва буни ҳар бир устоз ҳар сабоқда, ҳар мавзуда ёшларимизга бот-бот тушунтириб бориши, тушунтира билиши лозим ва шарт.

Одамнинг қорни бир коса овқат, бир тўғрам нон, бир-икки пиёла чойга тўяди. Афсуски, унинг кўзи тўймайди. Нафс инсонни инсонийлигидан айиради, обрў-эътиборини ер билан яксон қилади.

Нафс – уни бошқара олмайдиган инсонлар бошига кўп кулфатлар солади, нафсга берилиш, очкўзлик, шахсий манфаатпарастлик жамиятимизнинг соғлом ҳаётини ичидан емирадиган иллатлардир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳамр – яъни ақлни оладиган ҳар бир нарса ёмонликнинг онасидир”, деганлар. Бойлик, пул, маблағ, мансаб инсонга ёқадиган тўғри йўлидан адаштирадиган ўзини тута олмайдиган ақлини оладиган, шоширадиган нарсалардир. Нафсига қул бўлган инсонлар ўз мансабларини, насабларини унутиб. “ёмонликлар онаси”га фарзанд бўлиб қолмоқдалар. Инсон – сўзи хато қилувчи, адашувчи дегани. Лекин олий мавжудот бўлган инсон адашмаслиги, хато қилмаслиги учун унга ақл идрок, фаросат берилган. Ақлига бўйсунмай нафсига қулоқ солган киши хор бўлади.

– “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да нафсга шундай таъриф берилади: Нафс – арабча сўздан олинган бўлиб, “Ейиш-ичишга, мол-дунёга бўлган эҳтирос. Нафс бандаси – нафсидан бошқани ўйламайдиган. Нафси бузуқ – овқатдан сира қайтмайдиган, нафсини тия олмайдиган кимсаларга нисбатан ишлатилади. Нафси ўлик, иборасининг маъноси – нафсини тия оладиган, ҳар нарсага суқ билан қарайвермайдиганларга нисбатан айтилади. Нафсига ўт тушди – нафси ҳаддан ташқари авж олди, нафси ҳакалак отди. Нафс – шаҳвоний ҳирс маъноларида ҳам келади.

Узоқ тарихга, миллий қадриятларига эга халқимиз нафс ҳақида фалсафий маъно-мазмунга эга бўлган кўплаб мақоллар яратган. “Кўзинг оғриса, қўлингни тий, дилинг оғриса, тилингни тий, қорнинг оғриса, нафсингни тий”, “Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга соладир”, “Нафси ёмон Ҳайитда ўлар” каби мақолларимиз ҳеч бир замон ва маконда эскириб қолмайди. Токи булар халқимизни ўлмас дурдоналаридир. Бу мақоллар ҳеч қачон аҳамиятини йўқотмайди. 

– Ўз навбатида улуғ мутафаккирларимиз баднафслик, порахўрлик каби иллатлар хусусида ҳам кўп яхши фикрларни айтиб, инсонларни огоҳликка, ҳалолликка, покликка чорлаган.

– Таъкидингиз жуда тўғри ва ўринли. Ҳазрат Абу Райҳон Беруний нафс ҳақда шундай ёзади: “Инсонга энг яқин нарса унинг нафсидир. Шу нафс, энг аввало, ўзига яхшилик қилишга, кейин эса ўзи розилиги билан теварагидаги энг яқинларига яхшилик қилишга интилиши керак. У ташқи кўриниш, ясама шуҳрат, сунъий обрў учун мурувват ва футувват кўрсатмасин”.

Ислом оламининг буюк зотларидан Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратлари: “Ҳою ҳавас ва нафс аҳллари тутган ишлар асосининг барчаси залолат (адашув)дан иборатдир” деб ёзиб қолдирган. 

Маҳмуд Замаҳшарий: “Кимки ўз нафси-балоси-ю орзу-ҳаваси домига тушиб қолса, у бешак ўзини ўзи чуқур қаърига ташлагани муқаррар”.

Аҳмад Яссавий ёзадилар: “Нафсим мени йўлдан уриб хор айлади, Термултуриб халойиққа зор айлади...”

Улуғларимизнинг юқоридаги ҳикматли гапларини барчамиз ҳаётимизнинг шиори қилиб олишимиз керак.

Бугун муносабатлар ўзгарди, яшаш тарзимиз ҳам кундан-кунга яхшиланмоқда. Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилаётир. Биз инсонлар ҳам ўз онгимизни ислоҳ қилишимиз, ўзгаришимиз вақти келмадимикан?

Бугун муҳими, одамлар бефарқ эмас. Давлат раҳбарининг ташаббуслари моҳиятини тушунишга, уларга камарбаста бўлишга ҳаракат қиляпти. Буни жойларда жамоатчилик назоратининг кучаяётганида ҳам кўриш мумкин.

Сўзимиз бошида тилга олганимиз – олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини адолатли, холис ва шаффоф ўтказишига ишонамиз. Бунинг учун ёшларимиз келажаги учун ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмасак бўлгани.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА