ЎзА Ўзбек

07.02.2020 Чоп этиш версияси

Помпео Марказий Осиё давлатлари Россия ва Хитой таъсирига тушиб қолишидан хавотирдами? АҚШ элчиси буни изоҳлади

Помпео Марказий Осиё давлатлари Россия ва Хитой таъсирига тушиб қолишидан хавотирдами? АҚШ элчиси буни изоҳлади

Февраль ойининг илк кунларида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Марказий Осиё давлатларига сафар қилди. 

3 февраль куни Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан музокаралар олиб борди. Куннинг иккинчи ярмида эса Тошкентда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ давлат котиби Майк Помпео бошчилигидаги делегация иштирокида C5+1 доирасидаги учрашув бўлиб ўтди.

Айрим хорижий ОАВлар ушбу ташрифни “АҚШ Марказий Осиё давлатларини Россия ва Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий таъсири остига тушиб қолишидан хавотирланиб амалга оширган“, дея изоҳлади.

Хорижий ОАВларнинг мазкур изоҳлари қанчалар ҳақиқатга яқин? Агар АҚШ ҳақиқатан бу давлатлар босимидан хавотирда бўлса, муқобил равишда Ўзбекистонга инвестиция киритиш ҳажмини ошириш йўллари ҳақида ўйлаб кўрганми? 

Айни дамда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик, инвестиция оқими Қозоғистон ва АҚШ ҳамкорлик даражасида ҳам эмас.

Ўзбекистон эса тарихий ва географик жиҳатдан Хитой ва Россия билан йирик иқтисодий ҳамкорлар ҳисобланади. Ўзбекистонга бу икки давлат билан ҳамкорликни сусайтириш манфаат келтирмайди. Бу икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ўрнини АҚШ боса олмайди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм элчихонада уюштирилган журналистлар билан ўтган учрашувда ЎзА мухбирига мазкур масала юзасидан жавоб берди:

АҚШ ва шахсан давлат котиби Майк Помпео ҳам Ўзбекистон қўшни давлатлар билан яқин иқтисодий ҳамкорликда бўлиши кераклигини тан олади. Биз Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз.

Бу — уларнинг бошқа бир давлат билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликда танлаш имконияти ва ҳамкорлик шартларини белгилаш борасида ўз суверен ҳуқуқларини олға суришларини назарда тутади.

Улар қарор қабул қилишда вазият бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлишлари ҳамда бошқа муқобил танловлар борлигидан хабардор туришлари лозим. Улар ортиқча босим, мутелик ва таъсир остида қолмасликларини, қарорлари суверен бўлиши ва ўз манфаатларига хизмат қилишига ёрдам беришни назарда тутади.

Давлат котиби Помпеонинг Марказий Осиё давлатлари билан бўлган суҳбати айнан шундай руҳда бўлди. Биз бу давлатлар олдига Россия ва Хитойни эмас, бизни танланг, деган шартни қўймаймиз. Биз шунчаки юқорида таъкидлаганимдек, бу давлатларнинг босими остида қарор қабул қилмасликларини ва ўз суверенитетларини сақлаб қолишларини қўллаб-қувватлаймиз.

АҚШнинг Ўзбекистонга киритаётган инвестиция оқимини Россия ва Хитой даражасида баҳолаб бўлмаслиги рост. Биз географик жиҳатдан Ўзбекистондан узоқда жойлашганмиз. Шунингдек, Ўзбекистон ва унинг қўшни давлатлари бозори ҳақида АҚШнинг кўпгина инвесторлари тўлиқ маълумотга эга эмас. Яъни Ўзбекистон ҳали АҚШда танилиб улгурган инвестиция манбаига айланмаган.

Бу бир қатор ноқулайлик ва камчиликларни ҳисобга олган ҳолда АҚШ Ўзбекистонга бошқалар тақдим эта олмаган жабҳадаги инвестицияларни таклиф этган.

АҚШ Ўзбекистонга бошқалардан фарқли ўлароқ, янги Ноу-Хоу технологиялар бўйича инвестиция киритишни таклиф этади. Янги технологиялар борасида АҚШ шубҳасиз жуда машҳур.

Шунингдек, АҚШ доим янги технологиялар билан биргаликда, унинг мутахассисларини тайёрлаш шартини ўз зиммасига олади.

Шу билан бирга, янги иш ўринларига ҳам шароит яратади. Бундан ташқари, АҚШ инвесторлари ижтимоий жиҳатдан ҳам яхши корхоналар ҳисобланади ва бу борада жаҳонда ўзига хос обрўга эга.

Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашганда, бизга инвесторларимизни устун тарафларини исботлаб беришга ҳам эҳтиёж туғилмади.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов буни жуда яхши билади ва АҚШ корхоналари Ўзбекистонга инвестиция киритишидан манфаатдор.”

17 000
Анора СОДИҚОВА, ЎзА