Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Покистонлик талаба Фирдавс Жамол: Бухорода ҳеч ким ўзини бегона ҳисобламайди

Покистонлик талаба Фирдавс Жамол: Бухорода ҳеч ким ўзини бегона ҳисобламайди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ҳамкорлигида Тошкентда ўтказилган “Ёш ватaндошлар” халқаро фестивали иштирокчилари Бухорога келди.

Фестиваль қатнашчилари орасида аждодлари тақдир тақозоси билан АҚШ, Германия, Япония, Испания, Италия, Покистон, Россия, Туркия, Хитой, Финляндия каби мамлакатларда яшаётган, шунингдек, айни пайтда ўша юртларда таҳсил олаётган ҳамда узоқ муддатга ишга кетган 70 нафар ватандошимиз бор эди. Улар Бухоро темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.

3.jpg

Меҳмонларнинг Бухорога ташрифи Ёшлар марказидан бошланди. Бу ерда улар Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев билан учрашди. Фестиваль ёшлар ўртасида ўзаро мулоқот муҳитини шакллантириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида эришилган ютуқлар, халқимизнинг бой маданий мероси ва урф-одатлари билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Айни пайтда мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Президентимиз томонидан хорижда яшаётган ватандошларимизнинг Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги ғоя ва таклифлари, муайян соҳага йўналтирилган лойиҳа ва инвестициялари қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди.

11.jpg

– Россиянинг Новосибирск шаҳри ва унинг атрофида тақдир тақозоси билан ўша ёқларга бориб қолган ватандошларимиз, ҳозирда у ерда ўқиётган ёки ишлаётган юртдошларимиз анчагина, – дейди Новосибирск шаҳридаги “Содружество узбекистанцев” ташкилоти (Россия) президенти Эркин Ботиров. – Биз уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда маҳаллий давлат органлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Айни пайтда миллий қадриятларимизни асраб қолишга қаратилган лойиҳаларимиз муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, Новосибирскдаги турли олий ўқув юртларида таълим олиш истагида бўлган Ўзбекистон ёшларининг грант асосида ўқишлари учун квота масалаларини ҳал қилишга кўмаклашамиз. Шунингдек, туризм, фармацевтика ва бошқа соҳаларда Ўзбекистонга инвестиция киритишни мўлжаллаб турибмиз.

– Бобом асли Фарғона водийсидан. Тақдир тақозоси билан Туркияда яшаяпмиз, – дейди Истанбул университети докторанти Муҳаммад Иқбол Мўмин ўғли. – Гарчи отам ва мен хорижда туғилган бўлсак-да, қалб ришталаримиз ота юртимиз билан боғланган. Амир Темур бобом билан фахрланиш аждодларимдан мерос. Мен магистрлик ишимни Туркистон, хусусан, Хоразм тарихи бўйича ёзганман. Ҳозирда Туркистон воҳаси, жумладан, Бухоронинг узоқ ўтмишига оид мавзу устида тадқиқотлар олиб бормоқдаман. Ота юртим Ўзбекистонда бўлиш орзусида эдим. “Ёш ватандошлар” халқаро фестивали баҳона илк бор Ўзбекистонга келдим. Тошкент ва Самарқандда бўлдим. Бугун Бухорои Шарифдаман. Қувончим ичимга сиғмайди. Кўрганларимнинг бари ҳайрат. Буни фестиваль қатнашчилари юзидаги мамнунликдан ҳам сезиш мумкин. Кези келганда айтиш жоиз, фестиваль барча ватандошларни бирлаштирган, юзлаштирган муҳим воқеа сифатида эсда қолади.

Ёшлар марказида меҳмонлар бухоролик талабалар ва ўқувчилар билан ҳам учрашди. Унда турли йўналишларда муваффақиятга эришган ватандошлар ўтказган маҳорат дарслари ёшларда қатъий мақсад сари интилиш борасидаги тажриба сабоқларига айланди.

Бухоро ўзига хос беназир қадимий меъморий обидалари билан машҳур. Айни пайтда вилоятнинг ўлмас қадриятлари, урф-одат ва анъаналари ҳам бетакрор. Бухорога келган ёш ватандошлар кўҳна шаҳарнинг тарихий қисмидаги бир неча асрлик Пойи Калон мажмуи, Лаби ҳовуз ансамблига саёҳат қилди. Миллий фольклор дасталари, дорбозларнинг чиқишини томоша қилди. Сумалак ва бошқа миллий таомлар, қандолат маҳсулотлари, миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси билан танишди.

12.jpg

– Очиғи, Бухоро ҳақида етарли тасаввурга эга эмас эдим, – дейди аждодлари Намангандан бўлган покистонлик, ҳозирда Англия университетларидан бирида таҳсил олаётган қиз Фирдавс Жамол. – Уни эртакдаги шаҳар дейишлари бежиз эмас экан. Бир-биридан муҳташам, бир-биридан мафтункор обидалар бу юртнинг меъморчилик санъати ўлмаслигидан гувоҳлик беради. Кўргазмага қўйилган баҳорий таомлар ва ширинликлар ёнидан шунчаки ўтолмайсиз. Албатта, татиб кўришни таклиф этишади. Мени яна бир жиҳат мафтун этди. Бу одамларнинг самимийлиги ва албатта, халқона оҳангу қўшиқлар. Улар сизни шунчалар сеҳрлайдики, беихтиёр рақсга тушиб кетасиз. Мен миллий кийимлардаги ёшлар, қизалоқлар даврасида роса ўйнадим. Улар билан суратга тушар эканман, кетаётган хорижлик сайёҳлар ҳам сафимизга қўшилди. Бухороликлар даврасида ҳеч ким ўзини бегона сезмас экан. Мен таътилга Покистонга борганимда, яқинларимга Ўзбекистонга албатта боришларини тавсия қиламан.

Тадбир доирасида меҳмонлар учун “Ипак йўли” маросимлар уйида концерт ва миллий либослар кўргазмасидан иборат маданий дастур намойиш этилди.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
5 874