ЎзА Ўзбек

08.08.2018 15:35 Чоп этиш версияси

Поездлар қатнови қайта тикланди

Поездлар қатнови қайта тикланди
Жиззах ва Гагарин шаҳарлари ўртасида йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилгани Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Дўстлик, Пахтакор ва Арнасой туманлари аҳолиси учун янада қулайлик яратди.

162 йўловчини сиғдириш имкониятига эга иккита вагондан иборат поезд ҳар куни соат 19:00 да Жиззах шаҳридан йўлга чиқиб, соат 21:10 да Гагарин шаҳрига етиб келмоқда. Эрталаб соат 6:00 да Гагарин шаҳридан чиққан поезд соат 8:10 да вилоят марказида бўлади.

2-faqat saytga.JPG

Анча йиллардан буён, Ўзбекистон темир йўлларининг қўшни Қозоғистон ҳудуди орқали ўтадиган қисмида поездлар қатнови тўхтатилгач, Жиззах шаҳридан Гагарин шаҳригача бўлган темир йўлдан фойдаланилмай келинаётган эди. Ушбу йўналишда поезд қатновининг тикланиши юк ва йўловчи ташишда бирдек қулайлик яратди.

– Илгари 18 йил давомида Жиззахга поездда қатнаб ишлаганман, – дейди Мирзачўл тумани Тошкент маҳалласида яшовчи Камолиддин Қодиров. – Поезд қатнови тўхтатилгач, вилоят марказига бориб қайтиш қийин бўлиб қолди. Автобус ёки таксида қатнаш қимматлик қилди. Поезд қатнови яна йўлга қўйилгани чўл ҳудудидаги туманлардан вилоят марказига қатнаб ишлайдиганлар, кундалик юмуш билан келиб-кетувчилар учун жуда катта қулайлик бўлди. Мамлакатимизда халқ манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган бундай ишлардан беҳад мамнунмиз.

6 (1).JPG

Чипта нархи ҳам арзон: Жиззах – Мирзачўл 3 минг 500 сўм, Жиззах – Дўстлик 3 минг 500 сўм, Мирзачўл – Пахтакор 2 минг. Қатнов белгиланган жадвал асосида мунтазам амалга оширилмоқда.

Айни пайтда поезд Жиззах шаҳридан Мирзачўл тумани марказига 2 соату 15 дақиқада етиб боради. Дўстлик ва Мирзачўл туманлари оралиғидаги темир йўл таъмирлангач эса бу вақт янада қисқаради.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
11 081