ЎзА Ўзбек

25.08.2018 21:00 Чоп этиш версияси

“Почему “маънавият” погубит Ташкент” мақоласини ўқиб...

“Почему “маънавият” погубит Ташкент” мақоласини ўқиб...
Мақола буюртма асосида, яъни “заказ”га ёзилгани аниқ (бу битта менинг шахсий фикрим эмас). Ушбу буюртма кимларнинг "тегирмонига сув қуйиши"ни ҳам тахмин қилиш мумкин. 

Фикримнинг исботи сифатида масаланинг иқтисодий томонларини ҳам таҳлил қилишга уринилганини (эътироф этиш керак, ношудларча) келтириш мумкин. Лекин ҳар қандай мақолани, ҳатто у “заказ” бўлса ҳам, ёзаётганда бутун бошли тизимнинг, шу тизимда меҳнат қилаётган юз минглаб одамларнинг устидан "мағзава тўкиш"га, замонага интилиш деб, миллатнинг ҳар қандай замонларда ҳам ардоқлаб келинган қадриятларини остин-устун қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Мен мақоладаги бир боғдан, бир тоғдан келтирилган фикрларни таҳлил қилмоқчи эмасман. Фақат мақолани ўқиш жараёнида муаллифга нисбатан туғилган саволларимга жавоб олишни истар эдим.

1. Тунги клубда бир киши ўлди, ЙТҲда бир ҳафтада 16 киши вафот этди. (Нимани нимага солиштириляпти). Тунги клубларни очиб қўяверайлик, бир ойда битта-иккита одам ўлса, ҳеч нарса қилмайди, дейилмоқчими? Ёки бу, Сталиннинг машҳур “Бир киши ўлса – трагедия, минг киши ўлса – статистика” деган иборасининг замонавий версиясими?

2. “Зиёли” одамлар Тошкентдан кетиш пайида юришибди. Бу фикр бирор-бир факт ёки рақамлар билан асосланганми? Ҳолбуки, журналист ҳар қандай салмоқли гапни айтаётганда (менимча, бу жудаям жиддий гап) маълумотнинг манбасини ўрганиши, асослаши ва бутун бошли қатлам номидан гапиришга маънавий (муаллифнинг бу сўзни тўғри тушунишига шубҳам бор) ҳуқуқи бор-йўқлигини мулоҳаза қилиши керак.

3. Туристлар масаласида. Тошкентга, умуман, Ўзбекистонга туристлар фақат тунда кайф-сафо қилишга келадими? Ёки туризм ривожланган давлатларда уларнинг туристик салоҳияти улардаги тунги клублар сони ва уларнинг соат нечагача ишлаши билан белгиланадими? Умуман, муаллифнинг Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан озгина бўлса-да хабари борми?

4. Замона талаби шу экан, деб ёшларимизни тонггача маст-аласт ўзлари ҳам тушунмайдиган мусиқага талваса тушишларига, қизларимизни ярим-ялонғоч беҳаё қилиқлар қилиб, ота-онаси юзига доғ туширишига, умуман, жамиятда фақат ўз манфаатини ўйлайдиган манқуртлар қатлами шаклланишига йўл қўйиб қўймаймиз. 

Олимжон Худойназаров

ЎзА
16 656