Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 20:15 Чоп этиш версияси

Пластик картадаги пулни нақдлаштириб бермоқчи бўлган фирибгар суд қилинди

Инсон бахтли ҳаёт кечириш, элу халқнинг дуосини олиш, ўзидан яхши ном қолдиришни мақсад қилиб яшайди. Лекин бу каби тушунчаларга панжа орасидан қарайдиганлар ҳам топилади орамизда. Улар меҳнатсиз пул топишга, машаққатсиз ҳунар қилишга одатланган кишилардир.

Асли хоразмлик Мақсад Аллаёров ҳам бегоналар билан тез дўстлашиб, одамлар қалбига йўл топа оларди. Мабодо у тадбиркор бўлганда, ижобий натижаларга эга бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин Мақсад бошқа йўлни танлади. У ўзидаги ишонтириш санъатини кимларнидир алдашга, кимларнидир чув туширишга сарфлади. Шунинг учун ҳам 26 ёшли йигит беш марта жиноят содир этишга улгурди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди биносидаги очиқ суд мажлисида унинг пластик картадаги пулни нақдлаштириб беришдаги жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда маълум қилинишича, Юнусобод тумани, 14-мавзе, 52-уй, 36-хонадонда истиқомат қилувчи, муқаддам судланган М.Аллаёров ўтган йил июль ойида “Одноклассники” ижтимоий тармоғи орқали тошкентлик Садоқат Даминова билан танишиб қолади. М.Аллаёров унга ўзини Шоҳрух деб таништиради ва пластик картадаги маблағни ўн олти фоизга нақд қилиб бериши мумкинлигини айтади. Сохта ваъдага ишонган С.Даминова ўн тўрт миллион сўми бўлган пластик картани "Шоҳрух”га топширади.

Фирибгар М.Аллаёров С.Даминованинг ишончига кириш учун дастлаб 4,5 миллион сўм миқдордаги пулни нақдлаштириб беради ва улар биргаликда С.Даминованинг опасига пулни вақтинча омонат сифатида топширади. Бироқ эртаси куни М.Аллаёров шошилинч равишда ушбу маблағни унга қайтариб бериб туришни, карточкадаги пулларни тўла нақдлаштиргач, ҳаммасини бутун қилиб беришини айтади. С.Даминованинг опаси синглисининг ишончли танишига ҳеч иккиланмай пулни тутқазади. М.Аллаёров эса барча пулни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Судланувчи М.Аллаёровнинг айби суриштирув жараёнида тўпланган тушунтириш хатлари, юзлаштириш баённомалари ва бошқа объектив далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди ҳукмига кўра, М.Аллаёров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

М.Аллаёровдан жабрланувчи С.Даминова фойдасига жиноят натижасида етказилган ўн тўрт миллион сўм моддий зарар ундирилиши тайинланди.

М.Аллаёровга нисбатан жорий йил бошида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани судининг 2017 йил 1 февралдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмининг “б” банди қўлланган. У такроран жиноят содир этишда айбдор деб топилиб, Жиноят кодекси 59-моддасининг 8-қисми, 61-моддасига асосан бир йилу тўрт ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Кейинчалик жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Пискент тумани судининг 2017 йил 7 февралдаги ажримига кўра, Жиноят кодекси 74-моддасига асосан жазо муддати иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Мазкур жазо ҳам охирига етмай, М.Аллаёров навбатдаги жиноятга қўл урган. Шу сабаб ўталмай қолган жазо муддати янги жазога қўшилди ва М.Аллаёров икки йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Яна бир ҳолат...

Хатолардан хулоса қилиб яшаш инсонни яхшиликка етаклайди, дейишади. Лекин тошкентлик Абдушукур Нурматов илгари жиноят содир этганига қарамай, хатоларидан хулоса чиқармади. Унинг қинғир йўлдаги қадами навбатдаги жиноятидан кейин тўхтатилди.

Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Водил 3-тор кўчаси, 13-уй, 4-хонадонда истиқомат қилувчи, муқаддам судланган А.Нурматов шу йил 6 июль куни тунги соат 03.00 атрофида Чилонзор тумани ҳудудида “Нексия” русумли автомашина эшигини бузиб, қимматбаҳо буюмлар излаётганда автомашина ҳайдовчиси томонидан тутиб олинди.

Унинг айби жиноят ишида тўпланган жабрланувчиларнинг тушунтириш хатлари, воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси, экспертиза хулосаси ҳамда иш материалларида мавжуд бошқа объектив далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Суд А.Нурматовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддасига асосланиб, жиноят содир этишга суиқасд қилиш, 169-моддаси 3-қисмининг “а” бандига кўра эса жиноятни такроран содир этганликда айбдор, деб топди ва бир йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Даврон Суннатов, ЎзА
2 559






Все о погоде - Pogoda.uz